Июлдан Қирғизистонда энг кам пенсия 3500 сом, октябрдан эса 6900 сом бўлади

202

Президент Садир Жапаров 28 июнь куни мамлакатда пенсияларни кўпайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда сўзга чиққан Ижтимоий жамғарма раҳбари Бахтиёр Алиев, пенсияларни ошириш икки босқичда амалга оширилишини билдирди.

«Пенсияларни оширишнинг биринчи босқичи 1 июлдан кучга киради ва энг кам пенсия миқдори 3 минг 500 сомни ташкил этади. Иккинчи босқич эса октябрь ойида бошланиб, пенсияларнинг суғурта қисми 18 фоизга, лекин камида минг сомга оширилади. Бунинг учун жорий йилнинг уч ойи учун қўшимча 3,9 млрд сом талаб этилади. [...] Шундай қилиб, октябрь ойидан бошлаб мамлакатда энг кам пенсия 6 минг 900 сомни ташкил этади,» - деди Алиев.

Унинг сўзларига кўра, жами уч йил ичида пенсияларни ошириш учун қўшимча 60 млрд сом сарфланган.

Жапаров йиғилишни якунлар экан, пенсияларни яшаш минимумидан ошириш ҳукуматга осон бўлмаганини, бу «коррупцияга қарши фаол ва муросасиз кураш» ҳамда олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси эканини таъкидлади.

Қирғизистон Конституциясининг 44-моддасига кўра, «пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар қонун билан белгиланган яшаш минимумидан паст бўлмаган турмуш даражасини таъминлайди». 2024 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Қирғизистонда яшаш учун энг кам даромад 7 минг 769 сомни ташкил этди.