Жогорку Кенеш мамлакатда электрон сигаретани тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади

146

26 июнь куни парламент аъзолари электрон сигаретларни импорт қилувчилар, сотувчилар ва фойдаланувчиларга жарима солишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини қабул қилдилар.

Унга кўра, белгиланган жойдан ташқарида электрон сигарета ва вап чекканлар 10 минг сом миқдорида жаримага тортилади. Бир қанча депутатлар коррупция хавфи борлигини айтиб, жарима миқдорини камайтиришни таклиф қилишди. Бироқ бу таклиф қўллаб-қувватланмади.

Шунингдек, электрон сигареталар сотувчи жисмоний шахсларга нисбатан 50 минг сом, юридик шахсларга эса 65 минг сом миқдорида жарима белгиланди. Электрон сигарет олиб келганларга 150 мингдан 200 минг сомгача жарима ёки бир йилдан икки йилгача қамоқ жазоси қўлланилади.

Лойиҳа ташаббускорларининг айтишича, қонундан кўзланган мақсад ёшлар саломатлиги ва фаровонлигини таъминлашдан иборат.