Қирғиз парламенти уран ва торий конларини ўзлаштиришга рухсат берувчи қонунни маъқуллади

242

Парламентнинг тегишли қўмитаси аъзолари 11 июндаги йиғилишда уран ва торий конларини ўзлаштиришга қўйилган мораторийни бекор қилишни иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Энди қонун лойиҳаси 13 июнь куни Жогорку Кенешнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилади.

Депутат Чингиз Айдарбеков уран ва торий қазиб олишга қўйилган тақиқнинг бекор қилинишига қарши чиқди. Улар қазиш ишлари бошланиши биланоқ радиациявий фон кучайишидан хавотир билдиришди. Халқ вакили Қирғизистонда бу соҳада зарур мутахассислар йўқлигини ҳам айтди.

Бунга жавобан табиий ресурслар вазири ўринбосари Медер Машиэв торий ва уран қазиб олиш орқали ҳудуд экологияси яхшиланишини айтди. Йиғилишда иштирок этган эксперт Эсенжон Мусурмонқулов Қирғизистонда уран ишлаб чиқариш бўйича ягона мутахассис эканлигини тан олди. Шу билан бирга, агар қонун қабул қилинса, четдан мутахассислар жалб этилишини қўшимча қилди.

Натижада депутатлар Азизбек Турсунбоев, Марат Мураталиэв, Алишер Қозуев ва Замирбек Мамасадиқов қонун лойиҳасини маъқуллади. Мирлан Самайкожо, Чингиз Айдарбеков ва Сейидбек Атамбаев бунга қарши чиқди.

Февраль ойи охирида Вазирлар Маҳкамаси Қирғизистонда уран ва торий конларини қидириш ва ўзлаштиришга қўйилган мораторийни бекор қилишни таклиф қилгани маълум бўлди. Президент Садир Жапаров ҳукумат Қизил-Омпол конини ўзлаштириш ниятида эканини айтди.