Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жалолободдаги координатори Каарманбек Баидавлетов «Азаттиқ»қа маълум қилди. Унга кўра, ЙТҲ қурбонларининг охиргиси 27 май куни уйларига жўнаб кетган.
«Аварияга учраган ва касалхонада ётганларнинг ҳаммаси уйга қайтишди. Охиргиси 27 май куни Бишкекдан келган. Айни пайтда болалар оилавий шифокорлар назоратида. Агар бошқа шифокорлар керак бўлиб қолса, биз уларни уйларига олиб бориб кўрсатиб турамиз кўрсатамиз»- деди Байдавлетов.
2 май куни республика танлови доирасидаги «Манас» айтиш тадбирига уч мингга яқин мактаб ўқувчилари йиғилган Катми яйловида Hyundai Porter юк машинаси ўнлаб одамларни босиб кетди. Оқибатда 30 га яқин бола жабрланган, улардан ўн нафари Бишкекка олиб кетилган, баъзиларига жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Президент жамғармасидан оғир жароҳат олган беш нафар боланинг оилаларига 200 минг сомдан, бошқа жароҳат олган болаларга эса 50 минг сомдан ажратилган.
Воқеа юзасидан «Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича иш қўзғатилган. Ўқувчиларни уриб юборган Hyundai Porter юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олиниб, кейинроқ уй қамоғига чиқарилган.
Воқеа махсус комиссия томонидан ўрганилиб, натижада 21 нафар ходимга интизомий жазо қўлланилган, олти нафарига эса ишдан бўшатиш тавсия этилган.