«Манас» аэропорти ходимлар нима учун хорижликларга қўпол муомала қилганини тушунтирди

381

Facebook фойдаланувчиси Алекс Егоров 23 майда аэропортнинг ходимлари хорижликларни туртиб, жомадонларини тепаётгани акс этган видеони эълон қилган.

Аэропорт матбуот хизмати Kaktus.media нашрига вазият юзасидан изоҳ бериб, хорижликлар муассаса қоидаларига бўйсунмаганини билдирди.

«Покистонликлар оммавий равишда аэропортга келиб, сиғмай қолишди. ТИВдан рўйхат келган. Аммо аэропортдаги рўйхатда бори ҳам, йўғи ҳам юрибди. Махсус қоидалар борлигини тушунишмайди. [...] Ходимлар нима деяётганини тушунмай, бироз қаттиқроқ ҳаракат қилишга тўғри келди», дейилади билдирувда.

Бепул чартер рейслар ташкил этилгани учун хорижликлар аэропортга сиғмай, «хоҳлаган жойига ётиб олиш», «рўйхатдан ўтиш вақтида сариқ чизиқдан ўтиш» ҳолатлари 3-4 кундан бери давом этаётганини таъкидладилар.

Юқорида қайд этилган вазият туфайли аэропорт фаолиятида қийинчиликлар юзага келиб, бошқа рейсларнинг ушланиб қолишига сабаб бўлган.

Бугунги кунда аэропортдаги вазият барқарор. Таъкидланишича, маълумотлар Покистон элчихонасига етиб боргач, аэропортга махсус вакиллар етиб келган ва муассаса хавфсизлик ходимлари билан ҳамкорликда ишлаган.

13 май куни бир неча Қирғизистон фуқаролари Бишкекдаги ётоқхоналардан бирида яшовчи хориж фуқаролари билан муштлашган. Унинг видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалиб, 18 май куни миллатлараро тартибсизликларга сабаб бўлди. Номаълум бир гуруҳ шахслар хорижликлар истиқомат қилаётган ётоқхоналарда тартибсизликлар уюштириб, уларни калтаклаб, қимматбаҳо буюмларини олиб кетишган. Ҳодиса оқибатида камида 41 киши жароҳатланган. Кўп ўтмай, юзлаб покистонлик ишчи ва талабалар ўз хавфсизлиги учун Қирғизистонни оммавий равишда тарк эта бошлади.