Вазият қийинлигича қолмоқда. Қирғизистон матбуот эркинлиги рейтингида 120-ўринни эгаллади

347

«Чегара билмас мухбирлар» ((RSF) халқаро ташкилоти 2024 йил учун «Жаҳон матбуоти эркинлиги индекси»ни эълон қилди.

Қирғизистон индексда ўтган йилга нисбатан икки поғонага кўтарилиб, 180 давлат орасида 120-ўринни эгаллади. Бироқ Қирғизистон матбуот эркинлиги аҳволи оғир деб баҳоланадиган давлатлар гуруҳидан жой олишда давом этмоқда.

2024 йил учун матбуот эркинлиги индекси харитаси 2024.

Ташкилотнинг ёзишича, Қирғизистон ҳукумати ҳамон барча анъанавий ОАВларни назорат қилади ва ўз таъсирини хусусий оммавий ахборот воситаларига ёйишга ҳаракат қилади.

«Маълум даражада плюрализм бор, буни 24.kg, Kaktus.media ва Kloop.kg каби ахборот сайтларининг оммабоплиги, шунингдек, суриштирув ҳамда дата журналистикасининг ўсиши ҳам тасдиқлайди. Аммо бу оммавий ахборот воситалари таъқиб қилинмоқда ва сўнгги пайтларда уларнинг аҳволи оғирлашди», - дея таъкидлади RSF.

Ташкилот, шунингдек, сўнгги йилларда «Қирғизистон Республикаси ҳукумати цензурани кучайтиришга ва матбуот эркинлигини чекловчи қонунларни қабул қилишга моил бўлганини»таъкидлади. RSF мисол тариқасида фейклар тўғрисидаги қонунни ва кейинчалик қайта кўриб чиқиш учун юборилган янги ОАВ ҳақидаги қонун лойиҳасини келтирди.

RSF 2024 йил бошида Temirov Live телеканалининг амалдаги ва собиқ журналистларининг оммавий ҳибсга олинишига ишора қилиб, «Қирғизистондаги мустақил оммавий ахборот воситалари репрессияларнинг янги тўлқинига дуч келаётганини» билдирди.

Айни пайтда Қирғизистон сўз эркинлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ўринни сақлаб келмоқда. Қозоғистон 142, Ўзбекистон 148, Тожикистон билан Туркманистон 155 ва 175-ўринларни эгаллади.

Аввалроқ, Human Rights Watch ва Халқаро Амнистия халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ўтган йилги ҳисоботларида Қирғизистон сўз ва йиғилиш эркинлигини тобора чеклаб бораётганини ёзган эди.

Расмийлар мамлакатда сўз эркинлигига босим йўқлигини ва Қирғизистон қонун устуворлиги тамойилларига амал қилишини даъво қилмоқда.

Сурат: Айбек Бийбосунов / RFE/RL