Иманқулов: Қирғиз-тожик чегарасини ерларни алмаштириш йўли билан ҳал қилса бўлади

128

Иманқуловнинг айтишича, муаммо — Боткен вилоятидаги чегара мураккаб ҳудудлардан, аҳоли яшаш жойларидан, кўчаларидан ёки ҳовлилардан, ҳатто уйлардан ўтганида.

«Албатта, бари ўзимиз истагандек бўлишини хоҳлаймиз, аммо уларнинг манфаатини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Чунки чегара икки давлатнинг ўртасидан ўтади. Биз ана шу ўрталиқни қидиряпмиз ва консенсусга эришишимиз шарт. […] Албатта, маҳаллий аҳоли билан аввалдан келишув бўлиши зарур. Ҳозир иш шундай олиб борилмоқда», — деди у.

Иманқулов чегара масаласини тез орада ҳал қилиш кераклигини таъкидлади.

«Биз бу жараённи фуқароларимизнинг ҳамда давлатнинг манфаатига путур етказмай, айни вақтда қўшни давлатнинг манфаатини ҳисобга олиш билан ниҳоясига етказамиз. Улар ҳам бизнинг манфаатларни ҳисобга олишини таъминлаймиз. Бу йил барини тугатамиз деб умид қиламан», — деб билдирди котиб.

Аввалроқ МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев қирғиз-тожик чегарасининг 90%и келишилганини таъкидласа, президент Садир Жапаров чегара масаласи 2024 йилнинг баҳорида ҳал қилинишини айтган.