Жалолобод: Милиция ижтимоий тармоқда тарқалган видео бўйича баёнот тарқатди

247

Ижтимоий тармоқда Ички ишлар органларининг ходимлари фуқарони қўлга олишда куч қўллангани акс этган видео тарқаган. Жалолобод вилоят ИИБи мазкур шахс Қўчқорота шаҳридаги бозорда назорат ходимига қўл кўтаришда гумонланиб қўлга олинганини маълум қилди.

Маълумотга кўра, 4-мартда милицияга назорат ходими шикоят билан мурожаат қилиб, шу куни эрта билан 09:30 чамасида Қўчқорота шаҳридаги бозорда хизмат вазифасини бажараётган вақтда уни 6 киши тош, ғишт, таёқларни қурол сифатида қўллаб, зўравонлик қилганлигини айтиб, қонун доирасида чора кўриб беришни сўраган.

Мазкур факт Нокен туман ИИБда қайд этилиб, «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғалган. Гумондор қатори 40 ёшдаги Нокен туманининг турғуни бир неча бор терговга чақирилганига қарамай бормай юрган.

«27-март куни тахминан соат 17:00 да гумонланувчини қўлга олиш вақтида у милициянинг қонуний талабларига бўйсунмагани сабаб, унга нисбатан куч қўлланилган. Ўша вақтда гумонланувчининг 18 ёшдаги фарзанди воқеага аралашиб, милиция ходимини тепиб юборган», — деб билдирилди милициядан.

40 ёшли гумонланувчи қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киргизилди. Ҳозирда воқеа бўйича тергов олиб борилмоқда.

«Қўчқорота шаҳридаги бозор ака-ука ўртасида талаш бўлган. Улардан бири хусусий қўриқлаш хизмати билан шартнома тузган. Унинг асосида қўриқлаш хизмати ходими бозорни қўриқлаб, бозорнинг иккинчи эгаси келгунга қадар очтирмай туриши керак бўлган. Ўша вақтдан контейнер эгалари жанжал қилишган», — деб қўшимча қилинди милициядан.

Аввалроқ мазкур воқеа акс этган лавҳа ижтимоий тармоқларда тарқаб, муҳокамаларга сабаб бўлган.