Бишкекнинг Биринчи май туман суди 26 мартда депутат Адахан Мадумаровга ҳукм чиқарди. У «Мансабини суиистеъмол қилиш» ва «Фирибгарлик» моддалари бўйича айбдор деб топилди.
Аммо даъво муддати ўтганлиги сабаб Мадумаров жазодан бўшатилди. Судья депутатни ҳукм муддати кучга киргунга қадар қамоқда қолдиради. Суд мажлиси ёпиқ тартибда ўтди.
Адахан Мадумаров ўтган йилнинг сентябридан бери қамоқда. Дастлаб сиёсатчи 2009 йили қирғиз-тожик чегараси бўйича протоколга қўл қўйганлиги учун давлатга хиёнат қилишда айбланган. Президент Садир Жапаров Боткендаги участкаларнинг биридаги талашга шу протокол сабаб бўлганини билдирган. Мадумаров бўлса протоколнинг юридик кучи йўқлигини айтиб келади.
Сиёсатчига қарши иккинчи иш Чингиз Адимомунов деган шахснинг шикояти асосида қўзғалган. У милицияга мурожаат қилиб, 2015 йили «Бутун Қирғизистон» партиясига берган 50 минг долларини қайтариб беришни сўраган.