ТИВ: Россиядаги терактдан сўнг қидирилаётган қирғизистонлик қизлар вафот этди, деб маълумот тарқатишга ҳали эрта

152

26 мартдан 27 мартга ўтар кечаси Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги «Крокус Сити Холл»даги терактдан вафот этганлар рўйхатини янгилади.

Унда қидирилаётган қирғизистонлик икки қизнинг исм-шарифи ҳам бор: 24 ёшдаги Эдита Жусупова ва 20 ёшдаги Майза Гулжигит қизи. Аввалроқ, улар бедарак йўқолганлар рўйхатида бўлган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қизларни вафот этди, деб маълумот тарқатиш эрта эканини билдирди.

«Қирғизистоннинг икки фуқароси вафот этди, деб маълумот тарқатишга ҳали эрта. Россиянинг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги сайтида эълон қилинган рўйхатда, генетик экспертизаси якунланмаган фуқароларнинг, жумладан, Қирғизистон фуқароларининг исм-шарифи ҳам бор. ДНК текширувларнинг натижаси ҳали чиқмаган», — дея билдирилди вазирликдан.

22 мартда Москва четидаги «Крокус Сити Холл»да теракт содир этилиб, камида 139 киши ҳалок бўлган.