Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) қирғизистонликларни 22 март куни Москвадаги Crocus City Hall концерт залида юз берган теракт муносабати билан Россияга заруратсиз саёҳат қилишдан вақтинча тийилишга чақирди.
Департаментнинг 25 март кунги хабарида айтилишича, бутун Россия бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, терроризмга қарши кураш олиб борилмоқда. ТИВ Консуллик бошқармаси бошлиғи Бақит Қадировнинг айтишича, рус ҳукумати ҳам Россияга кириб-чиқаётган фуқароларни текширишни кучайтирган.
Шу сабабли ТИВ қирғизистонликларга қуйидагиларни тавсия қилади:
- Россияга бориш учун жиддий сабабларга эга бўлмаганлар, қўшимча хавфсизлик чоралари бекор қилинмагунча, Россия ҳудудига саёҳат қилишдан вақтинча тийилишлари;
- саёҳатни режалаштирганлар, Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг веб-сайти орқали (mvd.ru) Россияга киришда чекловлар бор-йўқлигини олдиндан текширинг;
- муқаддам россия ҳудудида бўлган вақтида икки ёки ундан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, давлат чегараси орқали киришни рад этиш ва ушбу тартиб билан боғлиқ оқибатларга олиб келмаслик учун ушбу давлат ҳудудига кирмаслик;
- Россиядагилар одамлар гавжум жойларга бормасликлари, шунингдек, ҳар доим ўзлари билан уларнинг шахсини ва мамлакатда бўлиш қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб юришлари.
Фавқулодда масалалар туғилганда, фуқаролар Қирғизистон Республикасининг Москвадаги элчихонасининг +7 925 115 50 47 ишонч телефонига, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлимига (+996) 999 312 002 рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Москва яқинидаги Crocus City Hall концерт залида теракт 22 март куни кечқурун содир бўлди. Охирги маълумотларга кўра, теракт оқибатида камида 137 киши ҳалок бўлиб,182 киши жароҳатланган.
Кейинроқ Россия ФСБси терактга алоқадорликда гумон қилиниб, 11 киши ҳибсга олинганини эълон қилди. 24 мартдан 25 мартга ўтар кечаси Москванинг Басманний суди ушбу иш бўйича икки ойга ҳибсга олинган тўрт кишини қамоқда қолдириш тўғрисида қарор чиқарди.
ОАВ Москвадаги терактдан кейин муҳожирларни текшириш кучайтирилганини ёзмоқда.
23 март куни Қирғизистондан Москвага учиб келган муҳожирлар «Шереметьево» аэропортида қолиб кетгани маълум бўлган. Уларнинг ҳужжатлари йиғиб олиниб, ўзлари алоҳида хонада сақланаётгани маълум қилинган. Қирғизистон элчихонаси ушбу вазиятни изоҳлар экан, уларга Россия ҳудудига киришлари тақиқлангани, чунки улар аввалроқ мамлакат миграция қонунчилигини бузганликларини айтди. Дипломатик миссия кейинги рейсда улар Қирғизистонга қайтарилишини айтди.