Кампиробод иши: Қамоқдагиларнинг яқинлари Норин, Талас, Жалолободда митинг ўтказди

320

9 мартда Норин, Талас ва Жалолобод вилоятларида «Кампиробод иши» бўйича қамоққа олинганларнинг тарафдорлари акция ўтказди. Улар президент Садир Жапаровга, МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевга мурожаат қилиб, қамоқдагиларни бўшатишни ва очиқ суд ўтказишни талаб қилишди.

Нориндаги акция

Норин туманининг Дўбўлу қишлоғига йиғилганлар. Сурат: Илгиз Шаменовнинг фейсбук саҳифаси.

Норин туманининг Дўбўлу қишлоғига йиғилган Илгиз Шаменовнинг тарафдорлари президентдан фаолни бўшатишни ва сиёсий таъқибни тўхтатишни илтимос қилишди.

«Ишни адолат билан кўриб чиқиб, яхши қарор чиқариб беринглар. Шу боламиз бир йилу етти ойдан бери ўтирибди, ёшлигида соғлигини йўқотиб қўйишидан қўрқяпмиз», — деди намойиш иштирокчиларидан бири.

Шу куни Шаменов фейсбук саҳифасига Норин вилоят милицияси ходимлари «кечаси келиб қишлоқдошларини қўрқитаётгани»ни ёзди. Вилоят милициянинг матбуот хизмати бўлса «Клооп»га аҳолига ҳеч қандай босим бўлмаганини айтди.

«Воқеа бўйича материал расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари давом этмоқда. Бугунги кунда вазият барқарор», — дея милициянинг матбуот хизматидан билдиришди.

Ахсидаги акция

Жалолобод вилоятининг Ахси туманидаги Қорасув қишлоғида сиёсатчи Азимбек Бекназаровнинг қишлоқдошлари йиғилиб, ўз фикрини билдирган депутат, фаол, журналист, сиёсатчи ва тадбиркорларни таъқиб қилишни  тўхтатишни талаб қилишди.

«Ишбилармон ва тадбиркорларни хусусий мулклари, бозорларини тортиб олиш тўхтатилсин.⁠ Конлар, ер, сувларни, халқнинг бошқа бойликларини ўз мулкидай сотиш, чет элликларга бериш тўхтатилсин. Агарда ҳукумат шу талабларни Рамазон ойи ичи бажармаса, бутун Қирғизистон бўйича қонун доирасидаги бирлашган сиёсий акциялар бошлансин», — дея Бекназаров қишлоқдошларининг талабини фейсбук саҳифасига жойлади.

Шу куни Бекназаров Ахсидаги қариндошларини МХДҚ ходимлари куч ишлатиб олиб кетишга ҳаракат қилганини, бошқа қариндошлари эса уларни олиб қолганини ёзди. Бироқ махсус хизматдан бу бўйича изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Таласдаги акция

Талас туманининг Кўк-Тоқой қишлоғига йиғилган халқ. Сурат: Айбек Бузурманкуловнинг фейсбук саҳифаси.

Айбек Бузурманкуловнинг Талас тумананинг Кўк-Тоқой қишлоғига йиғилган тарафдорлари «сиёсий маҳбусларни бўшатишни» талаб қилишди. У ерда Бузурманкуловни ҳимоя қилиш қўмитаси тузилгани хабар қилинди.

«Қамоқда энг яхши йигитларимиз ётибди. Энг яхши йигитларнинг қанотини қайирсангиз, сизларни ким яхши кўради?» — деб савол берди ҳукумат бошидагиларга мурожаат қилган акциянинг иштирокчиси.

Кампиробод иши бўйича қамоқда ётганларнинг уй қамоғига чиқариш ва очиқ суд ўтказиш талабига тегишли органлар жавоб беришмади.

Президент Садир Жапаров эса 2022 йилнинг декабрида қамоқдагиларнинг яқинларини илтимосига изоҳ бериб, ҳеч кимни бўшатишга буйруқ беролмаслигини билдирган. У бу бўйича «судьяларнинг ишига ҳеч ким аралашмайди» деб айтиб келмоқда.

Давлат раҳбари Кампиробод ишининг фигурантлари «давлат тўнтаришини амалга ошириш режаси учун» ўз вақтида қамоққа олинган деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, айбланувчилар йиғилиш ўтказиб, тўнтаришнинг режаларини ва бўлажак митинглардаги одамлар сонини муҳокама қилишган.

Кампиробод иши

2022 йилнинг октябрида Кампиробод сув омбори ерини Ўзбекистонга беришга қарши чиққан 30 нафарга яқин фаол, сиёсатчи қўлга олинган. Уларга «Оммавий тартибсизлик уюштиришга тайёргарлик кўрган» деган айб қўйилган.

Қўлга олинганларнинг барчаси Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтишини очиқ танқид қилишган, улар тўғри очиқ айтилган сўзлари ўзларини қамоққа олишга асос бўлган деб келишади. Суд баъзи сиёсатчиларни уй қамоғига чиқарган бўлса, бошқаларини эса қамоқда қолдирган.

Фаол, сиёсатчиларнинг қўлга олинишини бир неча депутатлар айблаган, Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса Қирғизистон ҳукуматини қўлга олинганларнинг барчасини бўшатишга чақирган.