Ўш вилоятидаги Новқат туман суди собиқ депутат Омурбек Бакировни 2021 йилги парламент сайловларида овозларни сотиб олишда айбдор деб топиб, жаримага тортди. Бу ҳақдаги маълумотни «Клооп»га 26 февралда собиқ депутатнинг адвокати Назгул Суюнбаева тасдиқлади.
Маълумотга кўра, қарор 2023 йилнинг декабрида чиқарилган. Адвокат туман судининг қарори устидан Ўш вилоят судига апелляция шикояти берилганини айтди.
7 июнь куни Бишкек маъмурий суди Ўшнинг Новқат туманидаги 4-сонли бир мандатли Кўк-Жар округи учун сайлов натижаларини бекор қилган. МСКнинг мазкур тумандан депутат бўлган Бакировга нисбатан чиқарган қарори ҳам ноқонуний, деб топилиб, кейинчалик бу қарор ҳам шаҳар, ҳам Олий суд томонидан тасдиқланган.
Бакиров уни суд орқали депутатлик мандатидан маҳрум қилишга уринаётганини айтиб, буни ноқонуний деб атаган.
«Қонунга кўра, сайлов жараёнида баҳсли масала ва мурожаатлар уч кун ичида кўриб чиқилиши керак. Улар бу меъёрни қўпол равишда бузишмоқда. Бундай ҳодиса Қирғизистон тарихида ҳеч қачон бўлмаган. Сайловдан бир йил ўтгач, суд низони қайта кўриб чиқишга қарор қилди. Уларнинг фикрича, бу “янги очилган ҳолатлар” асосида амалга оширилмоқда, лекин қонунда бундай тушунча йўқ. Бу парламентга босим», — деди у.
Омурбек Бакировнинг мандати бўйича тортишувлар МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев билан қирғиз-ўзбек чегарасининг айрим участкаларини делимитация қилиш, жумладан, Ўзбекистонга Кампиробод сув омборини Ўзбекистонга ўтказиш тўғрисидаги битимни муҳокама қилиш чоғида юзага келган оғзаки тортишувдан кейин бошланган.