Ўш шаҳар суди Америка фуқаросидан 2 миллион сом пора олганликда гумонланаётган вилоят ички ишлар бошқармаси бўлим бошлиғини уй қамоғига чиқарди. Маълумотни «Клооп»га 16 февралда вилоят суди тасдиқлади.
«Суд қарорни қабул қилишда айбланувчининг исми-шарифи аниқлангани, доимий яшаш жойи ва ёш болалари борлиги, тергов томонидан қўйилган айб унча катта бўлмаган жиноят эканлигини инобатга олди», — деб билдиришди суддан.
Айбланувчига нисбатан вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари яхши таъриф берди, терговчи ҳам айбланувчининг терговга ўз вақтида келгани ҳақида кўрсатма берган.
АҚШ фуқароси ўтган йилнинг декабрь ойида милицияга «зўрлаш, қўрқитиш ва шантаж» факти бўйича шикоят қилган. Бироқ милициянинг бўлим бошлиғи жиноятни тўхтатиш ўрнига, гумонланувчи билан келишиб, хорижлик фуқародан 2 миллион сом талаб қилган.
Мазкур фуқаро Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига бошқарма бошлиғига чора кўришни сўраб мурожаат қилган. Милиция жиноят иши қўзғатиб, гумондорни пора олаётган вақтида қўлга олган.
Жабрланувчи нима дейди?
Жабрланувчи, Ўшдаги «Калпак» инглиз тили академиясининг етакчиси Братчер Ноаж Джон 15 февраль куни АКИпресс нашрига иш юзасидан матбуот анжумани ўтказган.
У Қирғизистонга дастлаб кўнгилли сифатида келганини, маҳаллий маданиятни ёқтирганини ва Ўшда қолишга қарор қилганини айтган. Кейинчалик тил ўргатиш маркази очиб, 40 дан ортиқ кишини иш билан таъминлаганини таъкидлаган.
«Ўтган декабрь ойида гаплашиб юрган қизим билан ажрашдик. Кейинроқ у “компаниянгни, обрўйингни йўқ қиламан”, деб қўрқитиб, хусусан, “зўрлади” деб ҳар кимга маълумот тарқата бошлади. Шунинг учун Ўш вилоят ИИБнинг жиноят қидирув бўлими бошлиғига ариза ёзганман. У менинг аризамни қабул қилмай, ўша қизга қўнғироқ қилиб, у билан бирга мендан 2 миллион сом сўрашди», — деган у.
Шунингдек, у Ўшдаги Америкадан келган ягона инсвестор эканини айтиб, «Қирғизистон хорижий фуқароларга, инвестиция киритиб ишхона очаман деганларга хавфсиз бўлиши керак» деган фикрини айтган.