Ўш шаҳрининг Тилеке-Баатир кўчасида жойлашган савдо марказларидан бирини талон-тарож қилиб, 5 миллион 350 минг сом пулни ўғирлаган хориж фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га 12 февралда шаҳар милициясидан маълум қилишди.
Маълумотларга кўра, воқеа 28 январь куни кечқурун содир бўлган. Номаълум фуқаро нарвондан фойдаланиб, дўкон жойлашган бинонинг иккинчи қаватидаги деразани металл кесгич билан арралаган. Иккинчи қават ва биринчи қаватдаги савдо мажмуаси орасидаги шифтни бузиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Ўғрилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, 9 февраль куни жиноят содир этишда гумонланувчи сифатида 27 ёшли хориж фуқароси қўлга олинди.
У Ўш шаҳридаги Исанов кўчасида вақтинча яшаб, олий ўқув юртларидан бирида тиббиёт факультетида таҳсил олган.
«У содир этган жиноятини тан олди. Мазкур савдо марказида пул бўлишини тахмин қилиб, жиноят содир этишга тайёргарлик кўриб юрганини, олдиндан металл кесиш мосламаси, ниқоб ва темир асбобларни тайёрлаб қўйганини айтди”, — дейилади милиция хабарида.
Гумонланувчи ўғирланган пулнинг 819 минг сомини қайтариб берган. Бундан ташқари, сомни долларга алмаштириб, 37 минг 500 долларни ватанига ўтказган бўлса, 1 минг 600 долларни ўқув юртининг шартномасига сарфлаган. Қолган маблағни эса ўз манфаати йўлида сарфлагани айтилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.