МХДҚ: Блогер Батмакан Жолболдуева товламачилик билан 25 минг сом талаб қилишда гумонланиб қўлга олинди

418

МХДҚ 9 февралда блогер Батма Жолболдуева қўлга олинганини билдирди. У Жалолободда Санэпидем марказининг ходимидан 25 минг сом талаб қилишда айбланмоқда.

Маълумотда блогер жорий йилнинг бошида Жалолобод шаҳридаги кафелардан бирига бориб, у ер санитар-эпидемиология талабларига жавоб бермаслигини айтиб, видеога олгани айтилади.

«Кейин моддий манфаат мақсадида, Жалолобод шаҳридаги умумий овқатланиш масканларига хизмат қилувчи Санитар-эпидемиология назорат марказининг ходими ҳақида маълумот тўплаб, олдиндан олинган видеони ўзининг фейсбук саҳифасида эълон қилиб, талабга жавоб бермаган кафени санэпидем назорат ходими “ҳимоя қилмоқда” деган тарзда ҳавола қолдирган», — деб ёзилади пресс-релизда.

Шундан сўнг блогер ижтимоий тармоқда эълон қилинган материални ўчириб ташлаш учун, «ходимдан 25 минг сом талаб қилгани» маълум бўлди.

Блогер жорий йилнинг 6 февралида 25 минг сом пулни «олаётган вақтда» қўлга олиниб, МХДҚнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилган.

Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.