МХДҚ: Райимбек Матраимовнинг деярли 4 миллиард сомлик мулки давлатга ўтди

МХДҚ 8 февралда бунга қадар коррупцияга аралашганини тан олган собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг умумий баҳоси 3 млрд 98 млн 134 минг сомга баҳоланган кўчмас мулки давлат тасарруфига ўтказилганини билдирди.

Махсус хизмат давлатга ўтказилган объектлар рўйхатини ва уларнинг тахминий қийматини эълон қилди:

  • Бишкек шаҳридаги «Бай Таш мунараси» турар-жой комплекси, тахминий қиймати 16 млн 297 минг доллар;
  • Ўш шаҳридаги Толойкон кичик туманида жойлашган «Ихлас» қурилиш компаниясининг тижорий бинолари, тахминий баҳоси 7 млн 627 минг доллар;
  • Қорасув тумани ҳудудидаги 3,87 га ер майдони билан «БИМИ Ош сервиси» божхона қайд этиш жойи, тахминий баҳоси 4 млн доллар;
  • Бишкек шаҳрининг Рисқулов кўчасида жойлашган «Эрем» спорт клуби, тахминий баҳоси 1 млн доллар;
  • Бишкек шаҳрининг Пудовкин кўчасининг 82/2 манзилида жойлашган 2 корпус, идора баҳоси 2 млн 500 минг доллар;
  • Иссиқота туманидаги 37,3 гектар ер майдони ва «Юни Лаб», 1 млн 286 минг доллар;
  • Ўш шаҳрининг Масалиев кўчасида жойлашган «ИМПЕРИАЛ» тижорат биноси, баҳоси 2 млн 100 минг доллар.

МХДҚ Матраимовнинг жиноий йўл билан топилган қўшимча мулкларини аниқлаш ва давлат мулкига ўтказиш бўйича тадбирлар давом этаётганини қўшимча қилди.

Жорий йили 27 январда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг барча мулкини давлатга ўтказилишини айтган.

Ҳозир Божхона бошчисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов қаерда экани номаълум. Ўтган йилнинг охирида унинг Қирғизистондан чиқиб, Дубайга учиб кетгани хабар қилинган.

26 январда эса собиқ божхона ходимига жиноий иш қўзғалиб, қидирув эълон қилинган. У «Жиноят аломатлари бўлмаган вақтда мажбурлаб қамалган шахснинг ҳаракат эркинлигини чеклашга ёрдамлашиш» моддаси бўйича гумонланмоқда.