МХДҚ: Ҳарбий ходимнинг армиядаги зўравонлик ҳақида айтганлари тасдиқланмади

347

МХДҚ Қоракўл шаҳридаги №2028 ҳарбий қисмдаги зўравонлик ҳақида маълумот тасдиқланмаганини билдирди. Махсус хизмат кичик сержант Жилдиз Асанакунованинг мурожаатидан сўнг қайтадан текширув юргизган.

Маълумотга кўра, қонун бузарликлар Ҳарбий прокуратура билан биргаликда ўтказилган дастлабки текширувда ҳам аниқланган эмас. Қўшимча текширувга прокуратурадан ташқари Ҳарбийларнинг оналар қўмитасининг бошчиси қатнашган.

«Ҳужжатлар текширилиб, манфаатдор томонлар билан суҳбат ўтказилди. Тегишли жойлар текширилиб, ҳарбий ходимларнинг хизмат ўтовчи, яшаш ва дам олиш шароитлари, озиқ-овқатни сақлаш, тайёрлаш жойлари текширилди. Унинг натижасида ҳарбий ходими Асанакунованинг маълумоти тасдиқланмади», — дейишди махсус хизматдан.

Сурат: МХДҚ

Шу орада президент Садир Жапаров Асанакунованинг мурожаат қилганига тўхталиб, республикада «сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари йўқ бўлса, тўғридан-тўғри мурожаат қилиб чиқмас эди» деб таъкидлади. У ўлкада «сўз эркинлиги бўлиб келган ва бўлаверади» деб ишонтирди.

Асанакунова армиядаги зўравонлик ҳақида 6 февралда ижтимоий тармоқ орқали айтиб чиққан. Шунингдек, у армиядаги шароитлар ва озиқ-овқатнинг сифатига тўхталган.

Қирғизистонда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб ёки келишув асосида ишлаётган аскарлар калтакланиб ёки вафот этган ҳолатлар қайд этилиб туради. Ўтган йили ҳам шундай 6-7 ҳолат содир бўлган.

Ўтган йили Омбудсмен институтининг ташаббуси билан ҳарбий хизматини ўташда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тузилган.  Мазкур гуруҳ сўнгги 5 йилда қайд этилган аскарларнинг ўлими, калтакланиши бўйича фактларни тўплаб, таҳлил қилиши айтилган.

Муаллиф: Нарпаяз Абитов