Ҳарбий ходим армиядаги зўравонлик ҳақида айтиб чиқди. МХДҚ суриштирув ишини бошлади

357

Қоракўл шаҳридаги №2028 ҳарбий қисм ходими, кичик сержант Жилдиз Асанакунова армиядаги зўравонлик ҳақида айтиб чиқди. У 6 февралда президентга мурожаат қилиб, армиядаги шароитлар ва озиқ-овқатнинг сифатига ҳам тўхталди.

Асанканова аскарларга кўрсатилаётган зўравонлик ҳақида бунга қадар ҳарбий қисмнинг командирига, юқоридаги мансабдор шахсларга ҳам мурожаат қилганини, лекин ундан фойда чиқмай, аксинча босимга дучор бўлганини таъкидлади.

«Бу ҳарбий қисмда ноқонуний ишлар бўлиб келмоқда. Аскарларга зўравонлик кўрсатилиб, уларнинг қўл-оёқлари синиб, кўзи қийшайиб қолган воқеалар ҳам бор. Очиқ ва ёпиқ синиқлар бор. Яшириш бўлмоқда, уни очиқ айтиб чиққан мени ҳарбий қисмнинг командири, тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиб, шахсий ҳаётимгача аралашмоқда», — деди у.

Кичик сержант аскарларга деб олиб келинган озиқ-овқатнинг сифати ёмон эканини, баъзида ўлган мол гўшти келишини таъкидлади. Шунингдек, у айтаётганлари бўйича барча далиллар бор эканини қўшимча қилди.

МХДҚнинг Чегара хизмати эса бунга қадар масъул органлар текширув ўтказиб, қонун бузарликлар аниқланмаганини билдирди.

«Ҳарбийлар учун тайёрланадиган озиқ-овқатнинг сифати кунига назоратга олинади. Суриштирув вақтида муддатли хизмат ўтаётган аскарлар билан суҳбат олиб борилган, таналари кўриб чиқилиб, аноним савол-жавоб ўтказиш натижасида уставга тўғри келмаган муносабатлар ва аскарлар олган жароҳатларини яширувчи фактлар аниқланмаган», — деб айтилади билдирувда.

Шунингдек, Асанканова 3 февралда объектив суриштирув ўтказиш учун Чегара хизматининг раҳбариятига суҳбатга чақирилгани айтилди. Унинг билдируви бўйича МХДҚ билан Ҳарбий прокуратура қайта текширув ишини бошлади.

Қирғизистонда аскарлик муддатини ўтаёб ёки келишув асосида ишлаб келаётган ҳарбийлар калтакланиб ёки вафот этган ҳолатлар қайд этилиб туради. Ўтган йили шундай 6-7 ҳолат содир бўлган.

Ўтган йили Омбудсмен институтининг ташаббуси билан ҳарбий хизматини ўташда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ тузилган.  Мазкур гуруҳ сўнгги йилда қайд этилган аскарларнинг ўлими, калтакланиши бўйича фактларни тўплаб, таҳлил қилиши айтилган.

Муаллифи: Нарпаяз Абитов