«Пул талаб қилиб, калтаклашади». Қорасувдаги мактабда болалар зўравонликка учрагани айтилмоқда

278

Қорасув туманида №73 Токтогул номидаги мактабда, ўқувчиларни ташқаридан келган аввалги битирувчилар калтаклаб, пул талаб қилишаётгани ёзилган хат ижтимоий тармоқда тарқади. Хатни ота-оналар ёзгани айтилмоқда.

Мурожаат бўйича Ўш вилоят ИИБи суриштирув ишларини бошлаганини «Клооп»га 7 февралда милициянинг матбуот хизмати билдирди.

Ижтимоий тармоқда тарқалган ўқувчиларнинг ота-оналари номидан ёзилган аноним хат эгалари президентга, МХДҚ раисига ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг бошчиларига мурожаат қилишган. Унда улар «аввал ўқиб кетган, ташқаридан келган болалар ўқувчилардан пул талаб қилиб, тинчлик бермаётганлигини» айтиб, чора кўришни илтимос қилишган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган ота-оналарнинг мурожаати

«Нафақат пул талаб қилишади, болаларимизни сим билан уришади. Урганда ҳам тананинг маълум бир қисмига уришади. Болаларнинг таналари кўкариб, жароҳат олишса ҳам айтишмайди», — деб ёзилади хатда.

Бундан ташқари улар мактабдаги зўравонлик бўйича ҳудудий милиция ва мактаб директори «хабардор бўлса ҳам, тегишли чора олиб бормаганини» айтиб норози бўлишди.

Милициянинг маълумотига кўра, мазкур мурожаат бўйича Қорасув туман ИИБи текширув ишларини бошлаган.

«Дастлабки текширув давомида мурожаатда таъкидланган фактлар аниқланмаган. Текширув ишларига тегишли муассасалар ҳам иштирок этди. Текширув ва профилактика тадбирлари давом этмоқда», — деб билдиришди милициядан.

Шунингдек, Таълим вазирлигидан мазкур факт назоратга олинганини билдиришди.