Бишкек шаҳар суди оммавий қўлга олинган 11 нафар журналистнинг ҳимоя чорасини ўзгартириш бўйича адвокатларнинг апелляция аризасини қаноатлантирмади. Суднинг матбуот хизмати аризалар 1-2 ва 5-6 февралда кўриб чиқилганини билдирди.
Шаҳар суди Temirov Live’нинг ҳозирги ва аввалги 11 нафар ходимининг милиция томонидан қўлга олинганини қонуний деб топиб, уларнинг барчасини 13 мартгача қамоқда қолдирди:
- Махабат Тажибек қизи;
- Сапар Акунбеков;
- Азамат Ишенбеков;
- Сайпидин Султаналиев;
- Актилек Капаров;
- Тинистан Асипбеков;
- Максат Тажибек ўғли;
- Жоодар Бузумов;
- Жумабек Турдалиев;
- Айке Бейшекеева;
- Ақил Орозбеков.
Оммавий қўлга олинган 11 нафар журналист
16 январь куни эрталаб милиция ходимлари Temirov Live жамоасининг ҳозирги ва собиқ 11 нафар ходими уйини тинтув қилган ва уларни гувоҳ сифатида сўроқ беришини айтиб тергов бўлимига олиб кетишган. Эртаси куни Биринчи май туман суди уларнинг барчасини икки ойга ТИЗО-1га киргизган.
ИИВ улар «Оммавий тартибсизликка чақириш» факти бўйича қўзғалган жиноий ишда гумонланаётганини хабар қилган. Тергов маълумотига кўра, айб Temirov Live ва «Айт Айт Десе» саҳифаларида эълон қилинган уч материал бўйича лингвистик экспертизаси асосида қўйилган.
Суриштирувчи журналист Болот Темиров ИИВнинг журналистлар эълон қилган материалларда «оммавий тартибсизликка чақириқларни ўз ичига олган маълумотлар бор» деган билдирувини инкор қилган.