Бишкек: Аёлнинг соғлиғига зарар келтиришда гумонланган жиноий гуруҳнинг аъзоси қўлга олинди

506

Бишкек шаҳрида бирга яшаган аёлига зўравонлик кўрсатишга гумонланиб қидирувдаги шахс қўлга олинди. Бу ҳақда «Клооп»га Октябрь туман милициясидан хабар қилишди.

Маълумотга кўра, жабрланувчи милицияга ўтган йилнинг 21 ноябрида мурожаат қилган. У гумондор пойтахтнинг №5 кичик туманидаги кўп қаватли уйлардан бирининг ҳовлисида унинг танасига ҳеч сабабсиз зарар келтириб, қочиб кетганини айтиб берган.

Жабрланувчига нисбатан суд-тиббий экспертиза тайинланиб, унинг «соғлиғига бироз зарар келтирилгани» аниқланган. Милиция «Безорилик» моддаси билан иш қўзғаган.

Бу ишга гумондор сифатида 32 ёшли шахс қўлга олиниб, тергов вақтида у жиноий гуруҳнинг фаол аъзоси сифатида ИИВнинг рўйхатида туриши маълум бўлди. У милициянинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди.

Аёлларга нисбатан зўравонлик

Ўтган йили Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик бўйича 8340 та жиноий иш қўзғалган— бу 2022 йилга қараганда 3159 тага кўп. Қирғизистонда қизлар кўчада, ўқишда ёки иш вақтида жинсий тажовузга учрашади.

Статистикага кўра, республикада қизларнинг 83%и йўқ деганда бир марта руҳий, физик ёки жинсий зўравонликка учраган. Кўп ҳолларда жабрланувчилар милицияга мурожаат қилишмайди, сабаби жамоатчиликнинг тепкисига қолишдан қўрқишади.

Зўравонни қонун доирасида жазолаш жуда қийин — аксарият жиноий ишлар жарима тўлаш ёки жамоат ишларига жалб қилиниши билан чекланади. Шунинг учун суд жавобгарлигига тортилмаслиги билган тажовузкор аёлни ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.

Доимо бўлиб турган оиладаги зўравонлик аёлларнинг турмуш ўртоғи, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одами ёки собиқ шериги тарафидан ўлдирилишига олиб келади. Одам ўлдиришнинг бу тури фемицид деб аталади.

Агарда сиз эрингиз ёки нотаниш одамнинг зўравонлигига учрасангиз, ёрдам олиш учун милиция ходимларига ва республика ҳудудларидаги кризис марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Муаллифи: Нурпаяз Абытов