24.kg’ раҳбарияти Ташиевга мурожаат қилиб, журналистларни офисга киритишни сўради

533

24.kg нашрининг бош директори Асел Оторбаева таҳририятга алоқадор вазият юзасидан МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевга мурожаат қилди. Мурожаат нашр сайтида эълон қилинди.

Оторбаева Ташиевдан журналистларнинг офисга киришига рухсат беришни, шунингдек, «профессионал журналистларни муҳим, аниқ, тезкор ахборот тарқатиш фаолиятини таъминлаш учун» муҳр ва штампларни қайтариб бериш масаласини кўриб чиқишни сўради.

24.kg нашри биноси тинтувдан сўнг муҳрланиб ёпилган. Сурат: «Азаттиқ».

24.kg бош директори ҳозирда нашр ходимлари масофадан туриб ишлашга мажбур бўлаётганини ва уларни айримларининг уйдан тўлақонли ишлаш имкони йўқ эканини айтди.

«Офисни муҳрланиб ёпилиши журналистларнинг ўз вазифасини иш жойларидан бошқа ерда тўлақонли амалга оширишига катта таъсир кўрсатмоқда. [...] Таҳририятни бинога киритмаслик ходимларнинг солиқ ва суғурта бадаллари бўйича ўз мажбуриятларини бажаролмаслиқ қолиш хавфини туғдирмоқда», — деб ёзди у.

Шунингдек, Оторбаева тинтув пайтида МХДҚ ходимлари тергов учун зарур бўлган барча буюмларини олиб кетишганини таъкидлади. Шу боис, у бинони бекитиб, муҳрни олиб қўйиш орқали журналистларнинг касбий фаолиятини тақиқлашнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайди.

«Мунозарали мақолага келсак, у бўйича бирорта ҳам салбий натижа ёки оммавий резонанс ва моддий зарар бўлмаган», — деди у.

Оторбаева 24.kg нашрининг касбий фаолиятида ҳеч қандай чекловлар йўқлигини таъкидлади. Аммо ҳозир «таҳририят иши тўхтаб қолиш хавфи остида турибди».

«Мижозларимиз имзоланган шартномалар бўйича ўз мажбуриятларни бажара олмаётганимдан хавотир бўлишмоқда. Бир неча реклама берувчилар биз билан тузилган тижорат шартномаларини бекор қилишга мажбур бўлишлари ҳақида хабар беришди. Мижозларнинг бундай қарорга келишига, МХДҚ тергов қилаётган жиноий иш доирасида олиб борилган тинтув ва сўроқлар туртки бўлди, деб ҳисоблайман. Норасмий учрашувларда улар қўрқишаётганини айтишмоқда. «Агентлик тўлиқ қувват билан ишлай олмаяпти, ходимлар оиласини таъминлай олмай ишсиз қолишади», — дея огоҳлантирди Оторбаева.

15 январь куни МХДҚ ходимлари, 24.kg ахборот агентлигининг Бишкекдаги офисида тинтув ўтказиб, барча техник жиҳозларни олиб, идорани муҳрлаб кетишган. Шунингдек, агентлик раҳбариятини – 24.kg нашри раҳбари Асел Оторбаевани, бош муҳаррирлар Антон Лимарь ва Махинур Ниязоваларни махсус хизматга сўроққа олиб кетишган.

Уларни сўроққа олиб кетишаётганида, Ниязова журналистларга таҳририятдаги тинтув Украинадаги уруш ҳақида чоп этилган материаллардан бири бўйича қўзғатилган жиноий иш билан боғлиқлигини айтган. Кейинроқ МХДҚ тинтув «Урушга тарғиб қилиш» моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтказилганини билдирган.

Қайси мақола ҳақида гап бўлаётгани номаълум. Бироқ The Insider манбасининг маълумотларига кўра, бу иш Украина Қуролли кучларида жанг қилаётган қирғизистонлик Алмаз Кудабек ўғли ҳақида ёзилган мақола юзасидан қўзғатилган. Нашр раҳбарияти бу ишда гувоҳ сифатида иштирок этмоқда.