Президент Садир Жапаров МХДҚнинг раиси Қамчибек Ташиевга Қирғиз футбол иттифоқига раҳбарлик қилишни таклиф қилганини билдирди. У «бирлашманинг бошида қаттиқ назорат қилувчи одам турмаса, натижа чиқиши қийин» деб ҳисоблайди.
«Ўтган йилдан бери молия масаласини ечиб келмоқдамиз. Стадионларни жаҳон андозаларига лойиқ қилиб, янгилай бошладик. Бу йил беш миллион доллар пул ажратиб берайлик деган ниятдамиз. Қисқаси, натижасини йўқ деганда уч-тўрт йилдан кейин кутайлик. [...] Энг асосийси, футболчиларнинг машғулотларига жиддий эътибор бериш керак. Тартиб бўлиши керак», — деди у.
Ҳозирча Ташиевнинг нима деб жавоб бергани номаълум.
Жапаров футболда мураббийга кўп нарса боғлиқ эканини айтиб, ҳозирча мураббийни четдан олиб келишга мажбур бўлишаётганини таъкидлади.
«Худо хоҳласа, “Барселона” клубининг филиали очилмоқда. Клуб ўз мевасини 10-15 йилда бера бошлайди. Бу клубни битириб чиққан йигитларимиз жаҳон миқёсида ўйнай бошлайди. Кейин бора-бора мураббийлик даражасига эришади. Шунда кейин ўзимиздан мураббийлар чиқади», — деди у.
Давлат раҳбари келажакда Қирғизистон футбол бўйича, ҳозирги пайтда курашда қандай натижа кўрсатаётса, шундай натижа кўрсатадиган даражага етади деган ишончда.
Аввалроқ, Қирғизистон футбол иттифоқининг раҳбарлиги «Қирғизистон миллий терма жамоасининг 2023 йили Осиё Кубогида кўрсатган ўйинини инобатга олиб» хизматдан кетган.
Шунингдек, бундай қарор «бирлашманинг етакчилик таркибига янги мутахассисларни жалб қилиш зарурлиги билан» асосланган. Иттифоқнинг янги президентини ва ижро этиш қўмитасини сайлаш 19 февралда бўлиб ўтади.