Қорасувда 43 ёшдаги фуқаро фейсбукдаги фикри учун қўлга олинди

432

Ўш вилояти, Қорасув туманининг 43 ёшли фуқароси ҳудудлараро низони қўзғатишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 31 январда Ўш вилоят ИИБдан билдиришди.

Гумондор. Сурат: Ўш вилоят ИИБи

Маълумотга кўра, милиция томонидан ўтказилган текширувда, фейсбук ижтимоий тармоғининг фаол қўлланувчиси «ҳудудлараро низони қўзғатишга йўналтирилган» билдирувларни бўлишиб келгани маълум бўлди.

«Бу маълумот рўйхатга олиниб, терговга қадар текширув ишлари бошланган. Тегишли экспертизанинг хулосасига кўра, саҳифа эгаси Г.А. номли фуқаронинг ижтимоий тармоққа юклаган билдирувида ҳудудлараро низони қўзғатувчи лингвистик бирликлар борлиги аниқланган», — деб айтилади милициянинг билдирувида.

Тўпланган материаллар асосида «Ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо (адоват) қўзғатиш» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, гумондор қамоққа олинди.

Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.

Бир ой аввал Қорасувда 20 ёшдаги фуқаро худди шу модда билан TikTok ижтимоий тармоғига юклаган видеоси учун қўлга олинган.

Қирғизистонда ижтимоий тармоқдаги билдирувлар кўп ҳолларда турли моддалар бўйича жиноий ишларни қўзғашга сабаб бўлмоқда. Масалан, фуқаровий фаол ва блогер Адилет Балтабай оммавий тартибсизликка чақирган деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган. Жиноий ишнинг қўзғалишига Балтабайнинг фейсбукдаги билдирувлари сабаб бўлгани маълум қилинган.