Бир иқтибос билан: Байсалов 11 журналистни қамоққа олиш — тарбиялаш чораси эканини айтди

206

Вазирлар Маҳкамасининг ўринбосари Эдил Байсалов Temirov Live нашрининг 11 журналистини оммавий тарзда қамоққа олиниши — бу ҳукуматнинг тарбиялаш чораси эканини айтди. Бундай фикрни у «Азаттиқ»нинг «Мутахассислар таҳлили» дастурида билдирди.

Унинг айтишича, Қирғизистонда сўз эркинлиги бор, лекин халқ уни камситиш билан чалкаштирмаслиги керак.

«Бояги ёш болалар. Албатта улар душман эмас. Улар албатта янглишган. Уларнинг ҳеч қандай ҳиёнати, ҳеч қандай муаммоси йўқ. Уларни президентимиз бўладими, органлар бўладими ёки суд бўладими қамоқда чиритиш мақсади йўқ. Бу тарбия-интизом масаласи. Бу оталик, акалик вазифаси. Болалар, келинглар ҳар биримиз ўқишимизни ўқиб, ишни қилайлик, лекин аввалги атмосферани ўзгартиришимиз керак. Баъзи ҳолларда эса, доимгидай оила бошчи бўладими, уй эгаси бўладими бироз тартибга солиш керак», — деди у. 

Президент Садир Жапаров бу қўлга олишлар бўйича изоҳ бераётиб, қўлга олинганлар тажрибали журналистлар эмас, «ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, жавобгарликсиз ҳар қандай турдаги маълумотларни, жумладан ҳақиқатдан давлат хавфсизлигига хавф туғдирган блогерлар» деб билдирган.

Қирғизистонда журналистларни оммавий тарзда қамоққа олиш 16 январда бошланган. Умумий Temirov Live’нинг 11 нафар журналисти қўлга олинган. Уларнинг барчасини суд икки ойга ТИЗО-1га киргизган — тўққиз кишига «Оммавий тартибсизликка чақириш» моддаси билан иш қўзғалиб, Temirov Live етакчиси Махабат Тажибек қизи ва Азамат Ишенбековга «тартибсизликни уюштириш» моддаси билан айб қўйилган. 

Икки ҳафтадан буён улар ноқонуний тарзда вақтинчалик сақлаш жойига киритилган —  аммо қонунга кўра, гумондорларни вақтинчалик сақлаш жойида 48 соатдан ортиқ сақлаб бўлмайди. Айрим вақтлардагина суд ҳукми билан у ерда сақлаш муддати 10 кунга узайтирилиши мумкин.

29 январда қамоққа олинганлар ТИЗО-1га ўтгани маълум бўлди.