Балиқчи: Милиция уриб юборган қизнинг отаси аризасини қайтариб олди

268

Балиқчида 12 ёшли қизни машинаси билан уриб юборганликда гумонланган собиқ милиция ходимларига нисбатан ёзилган шикоят аризасини жабрланувчи томон қайтариб олди. Гумондорларга даъвоси йўқ эканини 29 январда қизнинг отаси Максатбек Байгазиев «Азаттиқ»қа билдирди.

«Бир шаҳарда яшасак, қари ота-онаси йиғлаб, кечирим сўраб келди. Қандай қилиб кечирмайман. Қизимни дори-дармон билан таъминлашяпти. 18 ёшга қадар ҳам қарашади», — деди у.

Шу орада Қоракўл шаҳар суди қизни уриб кетишда гумонланаётган Балиқчи шаҳар милициясининг собиқ раҳбари Бектур Осмонбаевни 26 мартгача қамоққа олди.

Унинг укаси эса, милиция ходими Бекзат Казаков ҳеч қаерга чиқмаслик тилхати билан бўшатилди.

26 январда 13:15 чамасида қизни машина уриб кетиб, гумондорлар воқеа бўлган ердан қочиб кетган. Сўнгра қизнинг отаси жамоатчиликка мурожаат қилиб, қизини Балиқчи шаҳар милициясининг бошчиси Бектур Осмонбаев уриб кетганини айтиб чиққан.

Балиқчи шаҳридаги ҳудудий милиция ходими Бекзат Казаков машинани у бошқариб кетаётганини айтиб, айбини бўйнига олишини билдирган. Аммо маҳаллий аҳоли машинани у эмас, унинг акаси — Балиқчи шаҳар милициясининг бошчиси Бектур Осмонбаев ҳайдаб кетаётганини айтиб, норози бўлишган.

Ўқувчи қизни машина билан уриб кетишда гумонланганлар. Сурат: МХДҚнинг матбуот хизмати

Воқеа туфайли ака-ука иккиси ҳам эгаллаб турган хизмат вазифасидан бўшатилиб, қамоққа олинган. Тергов ишларини МХДҚ давом эттирмоқда.