Садир Жапаров октябрь воқеаларида криминал Қамчи Колбаев уни қўллаб-қувватламаганини айтди

Президент Садир Жапаров 2020 йилдаги октябрь воқеаларида марҳум криминал Қамчи Колбаев уни эмас, собиқ бош вазир Сапар Исаковни қўллаганини айтди. Бу ҳақда у 25 январда «Кабар» маълумот агентлигига берган интервьюсида билдирди.

Унинг айтишича, «криминаллар Садир Жапаровни қўлламоқда» деган ёлғон маълумотни ўша вақтда унинг рақиблари ва «Азаттиқ» тарқатган.

«Уларнинг режаси мени халққа ёмон кўрсатиб, сайловгача ўйиндан чиқариш бўлган. Лекин  10-15 йил аввалгига қараганда, 2020 йили халқнинг кўзи очилган эди. Бундай миш-мишларга ишонмай қўйишган. Қандай маълумот бўлмасин, ўзлари танлаб, аниқлаб, рост-ёлғонини билиб олишган», — деди у. 

Жапаров Колбаевнинг Исаковни қўллаганига «тўлиқ далиллар бор» эканини таъкидлади. Унинг айтишича, 2020 йилнинг 6 октябрида Колбаев Исаковга “Атамбаев иккингиз шу машина билан юринглар” деб зирҳли «Мерседес» русумидаги машинасини совға қилган.

«8 октябрь куни Қамчи Колбаев шахсан ўзи криминал оламдаги йигитларига “Сапар Исаков ва Атамбаев гуруҳини қўллаб-қувватланглар” деган хабар тарқатиб, буйруқ берган. Биз ундай маълумотларни ИИВнинг махсус бўлими орқали телефон суҳбатларидан эшитиб турганмиз», — деди у. 

Президентнинг айтишича, 2020 йилнинг 9 октябрида криминаллар ва Исаковнинг барча кучлари бирикиб, Ала-Тоо майдонига чиқишган. Ўша куни марказий майдонда Жапаров ва Атамбаев, Исаков билан собиқ бош вазир Омурбек Бабанов бош бўлган бир неча сиёсатчиларнинг тарафдорлари тўқнашуви туфайли тартибсизликлар ўрин олган.

«Эсингларда бўлса, шу куни оддий халқ “бирлашган кучларни” майдондан қувиб чиққанда, Исаков ва Атамбаев Колбаев совға қилган машина билан майдондан қочишган. Ўша вақтда номаълум шахс травматик тўппонча билан машина эшигига отган. Ўша машина шу кунга қадар бир ертўлада сақланиб турибди. Кеча яқинда топилиб, машинанинг эгаси, криминал олам вакили Мурат Рамонов кўрсатма бериб, Исаковга қайси манзилга, қайси вақтда Колбаевнинг топшириғи билан олиб бориб берганинии айтиб берди», — деб таъкидлади у. 

Атамбаев бўлса машинани ҳақиқий ўқ билан отиб, уни ўлдиришга ҳаракат қилишганини айтиб чиққан. 2020 йили олинган видеода у машинадаги ўқ изини кўрсатиб,  зирҳланган қора Мерседесни «менинг машинам» деб атаган.

«Азаттиқ» нашри ҳақида

Садир Жапаров «Азаттиқ» нашри унинг «ҳукумат тепасига келишига қарши турганини» ҳам таъкидлади.

«Ташқаридаги хўжайинларидан “қарши туринглар” деган буйруқ олишдими, ким билсин. Садир Жапаровни фақат "зеклар" қўллаб-қувватламоқда, деб майдонга йиғилган оддий халқнинг барчасини "зеклар" деб, бутун дунёга жар солишди», — деди у. 

Жапаров ўшанда «туҳматли маълумотдан жаҳли чиқиб, “Азаттиқ"ни бузамиз, ўт қўямиз” деб идорасига жўнаган халқни “Қўйинглар, сабр қилинглар” деб зўрға тўхтатиб қолганини» айтди.

«Шундай сўнг халқ “Азаттиқ”ни  ёмон кўриб қолди. Ҳозир қирғиз халқи "Азаттиқ" маълумотларининг аксариятига ишонмайди. Четдан молиялаштирилган хўжайинларининг буйруғини бажаради деб билишади. Халқ ҳозир 20-30 йил аввалгидай эмас, умумман бошқа. Кимнинг ким эканини, қандай яхши ишлар қилинаётганини, қандай камчиликларимиз борлигини беш қўлдай билади», — деди президент. 

Жапаров бунга қадар «Азаттиқ»ни бир неча марта танқид қилган. Ўтган йили сентябрь ойи охирида президент нашрни гижгижлашда айблаган. 

Унда давлат раҳбари нашрнинг «Ўзбекистон Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза сув ўтказишни кўзламоқда» деган маълумотига изоҳ бериб, «халқнинг бошини айлантиришга уринишибди» деб билдирган. Нашр материални «таҳририят меъёрларига жавоб бермаганликдан" олиб ташлаб, сўнгра изоҳ билан қайта эълон қилган.