Сўқулуқ: Суғориш суви учун 6 млн сомни ўзлаштириб олган қишлоқ ҳукумати ходимлари қўлга олинди

331

Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманида суғориш ишларига ажратилган маблағни хизмат вазифасидан фойдаланиш билан ўзлаштириб олган қишлоқ ҳукумати ходимлари қўлга олинди. Бу ҳақда 23 январда Бош прокуратуранинг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, 2022 йилнинг 24 августида Чуй вилоят ривожлантириш фондининг  Зуура Кайназарова ва Қизил-Туу қишлоқ ҳукуматлари ходимлари «Суғориш суви тармоғини капитал таъмирлаш» ва «Эски темир-бетон лотокларни алмаштириш» лойиҳаларини ишга ошириш учун махсус хизмат кўрсатиш ишхонаси билан келишув тузган.

Улар келишувда кўрсатилган ишлар амалга оширилмаганига қарамасдан, фойда кўриш мақсадида келишувнинг шартларини бузиш билан хизмат кўрсатувчи ишхонага қалбаки акт тузиб, улар ҳисобига 5 млн 773 минг 810 сом ўтказиб беришган.

«Келишув тузилган кундан бошлаб бугунги кунга қадар унда кўрсатилган ишлар бажарилмай, давлатга йирик миқдордаги моддий зарар келтирилган», — деб айтилади билдирувда.

Гумондорларга Сўқулуқ туман прокуратураси томонидан «Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш» моддаси асосида жиноят иши қўзғалиб, Сўқулуқ туман ИИБга ўтказилиб берилди. Ҳозирда тергов амаллари давом этмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров 22 январда 2023 йили сувнинг тақчиллиги сабабли республикада 42 минг 567 гектар ер ҳайдалмай қолганини билдирган.