Олий суд Ўшдаги «Манас-Ата» кафесини мустақил бузиш ҳақидаги қарорни ўз кучида қолдирди

370

Олий суд Ўш шаҳридаги «Манас-Ата» кафесини мустақил буздириш ҳақидаги икки инстациядаги суд қарорларини ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда «Клооп»га 22 январда суднинг матбуот хизматидан билдиришди.

Маълумотга кўра, суд қарори 17 январда чиққан.

Бунга қадар, 2023 йилнинг июль ойида, Ўш шаҳар суди «Манас-Ата» кафесининг эгаларига бинони мустақил бузиш вазифасини юклаган. Бундан ташқари, кафе эгаларидан 700 минг сом ундирилган. Кейинроқ томонлар суд қароридан норози бўлиб, вилоят судига шикоят аризаси билан мурожаат қилишган.

«Манас-Ата» кафесидаги можаро

Мазкур кафедаги можаро 2022 йили 27 июнда «Не сахар» кўрсатуви текширувга келганда бошланган. Кафенинг администрацияси «Не сахар»га тўсиқ бўлиб, икки томон жанжаллашиб кетган.

Аммо эфирнинг бошланишида кафенинг санитар ҳолати талабларга жавоб бермагани камерага тушиб қолган. Бу можаро ижтимоий тармоқларда қизғин муҳоқамага сабаб бўлиб, иш милициягача етган.

«Манас-Ата» хўжайини Бахтияр Гуламов ва администратори Машрапхон Кушакбаева шаҳар ИИБга чақирилиб, қўпол муомаласи учун кечирим сўрашган.

Кейинроқ Ўш мэрияси «Манас-Ата»ни ва бошқа кафеларни умумий текширувга олган.

Мазкур кафега 41 минг сом жарима солиниб, вақтинчалик ёпилган. 2022 йилнинг 6 июлида Ўш шаҳар прокуратураси мэрияга «Манас-Ата» кафесини сурдириш таклифини берган.