Жалолободда милтиқ ўқидан яраланган 5 ёшли қиз касалхонага тушди

361

Жалолобод шаҳрида тир милтиғининг ўқи тегиб, ичакларини тешиб ўтган 5 ёшли қиз касалхонага етказилди. Бу ҳақда «Клооп»га 18 январда вилоят милициясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, воқеа ҳақида милицияга 17 январь соат 19:17да маълумот келиб тушган. Унда Тайгараев қишлоқ ҳукумати, Чапкиндик кўчасининг турғуни ўша куни соат 16:52да тоғасининг 6 ёшдаги ўғли тир милтиғини ўйнаётиб, 5 ёшли қизининг қорнига кутилмаганда отиб юборганини айтган.

Натижада, жабрланувчи вилоят болалар жарроҳлик бўлимига етказилган.

Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда.

«Кактус» нашри вилоят касалхонасининг масъул мутахассисига таяниб, «ўқ қизнинг ичакларини тешиб ўтганини, унга муваффақиятли  операция қилинганини ва ҳозирда аҳволи қониқарли» эканини ёзди.