Қадамжойда ўтган йили оиладаги зўравонликнинг 126 ҳолати қайд этилди

312

Боткен вилоятига қарашли Қадамжой туманининг ҳудудида 2023 йили оиладаги зўравонликнинг 126 ҳолати қайд этилиб, барчасига ҳимоя ордери берилди. Бу ҳақда 17 январда Боткен вилояти ИИБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, бу йил бошидан бери мазкур ҳудудда оиладаги зўравонликнинг 2 ҳолати қайд этилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа жойига бориб, зўравонлик қилганларга ҳимоя ордерини берди.

Бундан ташқари Боткен туманининг ҳудудида ўтган йили 12 ой ичида зўравонликнинг 55 ҳолати қайд этилиб, уларга ҳам ҳимоя ордери берилган.

Ҳимоя ордери — бу агарда бир одамга қарши зўравонлик кўрсатилган бўлса, унда ИИВ зўравонликка учраган одамга яқинлашмасин деб, зўравонлик қилган одамга ҳимоя деб номланган ҳужжат беради.

11 январда Қадамжой туманининг Масалиев қишлоғида 23 ёшли аёлни ўлдиришда гумонланиб эри қўлга олинган. Марҳум биринчи гуруҳ ногирони экани, эри аввал ҳам калтаклаб келгани маълум бўлган. Ҳозирда тергов давом этмоқда.

Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик

Қирғизистонда ҳар йили оиладаги зўравонликнинг минглаган ҳолатлари қайд этилиб, жабрланувчига берилган ҳимоя ордерининг сони йил сайин кўпаймоқда. Сўнгги уч йилда мамлакатда ҳимоя ордерини олган 8,5 мингдан ортиқ киши қайд этилган.

Тажовузкорни қонун доирасида жазолаш жуда қийин — аксарият жиноий ишлар жарима тўлаш ёки жамоат ишларига жалб қилиниши билан чекланади. Шунинг учун суд жавобгарлигига тортилмаслиги билган тажовузкор аёлни ўлдириб ҳам қўйиши ҳам мумкин.

«Клооп» журналистларининг Қирғизистондаги фемицид ҳақида тадқиқотлар кўрсатишича, доимий бўлиб турган оилавий зўравонлик аёлларнинг эрлари, турмуш ўртоқлари ёки собиқ шериклари томонидан ўлдирилишига олиб келади.

Аёлларнинг турмуш ўртоғи, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одами ёки собиқ шериги тарафидан ўлдирилиши фемицид деб аталади.

2023 йилнинг октябрида Қирғизистон  дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексида (WPS Index) 177 давлат орасида 95-ўринни эгаллаган. Бу кўрсаткич Қирғизистон кетма-кет иккинчи йил Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлатга айланганидан далолат бермоқда.

Шунга қарамай, айрим расмийлар оиладаги зўравонлик мамлакатда кам учрайдиган ҳодиса, деб ҳисоблайди. Масалан, Президент маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков. У зўравонликларнинг кўпайиши ҳақидаги статистик маълумотларни «манфаатдор томонлар сиёсати» деб атаган.