16 январь куни эрталаб милиция ходимлари бир неча журналистларни уйини тинтув қилиб, 11 журналистни 48 соатга қамоққа олди. Бу ҳақда адвокат Замир Жоошев билдирди.
Улар «Ҳукумат вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга ундаш, шу билан бирга фуқароларга қарши зўравонликка ундашлар» моддаси билан қўзғалган ишда гумонланмоқда.
48 соатга қамоққа олинган журналистларнинг барчаси Temirov Live жамоасининг ходимлари ёки аввал ишлаб кетганлар:
- Махабат Тажибек қизи;
- Сапар Акунбеков;
- Азамат Ишенбеков;
- Сайпидин Султаналиев;
- Актилек Капаров;
- Тинистан Асипбеков;
- Максат Тажибек уулу;
- Жоодар Бузумов;
- Жумабек Турдалиев;
- Айке Бейшекеева;
- Акил Орозбеков.
Журналистларнинг «Оммавий тартибсизликка чақириш» факти бўйича қўлга олиниб, вақтинчалик сақлаш жойига киргизилганини «Клооп»га ИИВнинг матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.
Вазирликдан билдирилишича, милиция ходимлари интернетга мониторинг юргизиб, Temirov Live ва «Айт Айт Десе» саҳифаларида эълон қилинган материалларда «оммавий тартибсизликка чақириқ қилишнинг белгилари бор эканини» аниқлашган.
«Мазкур нашрларга алоқаси бор фуқароларни яшаётган уйларини тинтув қилиш чоғида далил сифатида ҳужжатлар, уяли телефонлар, фотоаппаратлар, ноутбуклар, компьютерлар, планшетлар, техник жиҳозлар ва банк карталари топилди», — дейишди вазирликнинг матбуот хизматидан.
Омбудсмен нима дейди?
Омбудсмен Жамиля Жаманбаева эса ҳуқуқ-тартибот идоралари, прокуратура ва судни журналистларнинг ҳуқуқи ҳамда эркинлигини таъминлашга чақирди.
У 24.kg нашр, журналистларнинг уйини тинтув қилиш ва оммавий қўлга олишлар, сўз эркинлигига салбий таъсир кўрсатишини айтди ҳамда ҳуқуқ-тартибот органларига сўз эркинлиги, ўз фикрини мустақил айтиш ҳуқуқини сақлашнинг муҳимлигини эслатди.
«Омбудсмен ҳуқуқ-тартибот ва суд органларининг журналистларга нисбатан ҳукм чиқаришда сўз эркинлиги, маълумот олиш ҳуқуқи бўйича конституциядаги кафолатларга амал қилишга чақиради. Шунингдек, у ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан журналистларга нисбатан кўрилган ва кўриладиган чораларнинг қонунийлиги, асослилиги ҳамда зарурлигига ҳуқуқий баҳо бериш талаби билан суд ва прокуратурага мурожаат қилади», — деб айтилади маълумотда.
15 январда 24.kg маълумот агентлигига нисбатан «Урушни тарғиб қилиш» моддаси асосида жиноий иш қўзғалгани хабар қилинган. Уларнинг идорасида тинтув ўтказилиб, нашрнинг бош директори Асел Оторбаева, шеф-редакторлари Антон Лымарь ва Махинур Ниязова махсус хизматга гувоҳ сифатида сўроқ берган.