16 январда Ички ишлар вазирлиги Temirov Live ва «Айт Айт Десе» номли ижтимоий тармоқдаги саҳифалардан «оммавий тартибсизликларга чақириқ қилингани учун» жиноий иш қўзғалганини тасдиқлади.
Маълумотга кўра, дастлаб милиция ходимлари интернетда мониторинг юргизган. Кейин мазкур саҳифаларда эълон қилинган материалларга суд-лингвистик экспертиза тайинланиб, «оммавий тартибсизликка чақириқ қилишнинг белгилари бор экани» аниқланган.
«Экспертиза натижасида ИИВнинг тергов хизмати “Оммавий тартибсизликлар ” моддасининг учинчи қисми, “Ҳукумат вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга ундаш, шу билан бирга фуқароларга қарши зўравонликка ундашлар” бўйича жиноий иши қўзғаб, тегишли тергов ишларини олиб бормоқда», — дейишди вазирликдан.
Шу билан бирга, ИИВдан тегишли хизматлар бир неча манзилда тезкор тергов, суриштирув ишларини давом эттираётганини қўшимча қилишди.
16 январь куни эрта билан бир неча журналистларнинг уйида тинтув ўтказилиб, куч органларининг ходимлари сўроққа олиб кетишгани хабар қилинди. Уларнинг аксарияти Temirov Live жамоасида ишлаган ёки ишлаб кетган журналистлар экани айтилади.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари сўроққа олиб кетганлар орасида «ПолитКлиника» журналисти Тинистан Асипбек ўғли ҳам бор. Вазирлик у ҳам шу иш бўйича сўроққа чақирилганми ёки йўқми очиқламаган.