Жалолобод шаҳридаги савдо-бозор мажмуаларидан бирининг эгаси ижара ҳақини асоссиз кўтариб, даромадини яширишда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 15-январда МХДҚдан билдиришди.
Маълумотларга кўра, гумонланувчи бир неча йиллардан буён савдо марказлари савдогарларининг «қийин аҳволи»дан фойдаланиб, ижара ҳақини бир томонлама ошириб келган. У, шунингдек, «рози бўлмаган ижарачиларни ўртадаги келишувни бузиш билан қўрқитиб, улар тўлаган ижара ҳақининг ҳақиқий қийматини яширишга мажбур қилган».
Бозор эгаси савдо шохобчаларининг ижарачилари билан солиқ идораларининг ўртасида воситачи бўлиб, савдогарлар томонидан тўланган солиқ тўловларини алдов йўли билан ўзлаштириб турган.
«Солиқ текширувининг натижасида бозор эгаси ўз манфаатини кўзлаб, доимий коррупция схемаси туфайли давлат бюджетига 10 миллион сомдан ортиқ зарар етказганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан «Фирибгарлик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят қидирув бўлимининг вақтинчалик сақлаш изоляторига етказилган.
Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ Бишкекдаги «Баткен-Комфорт» бозорида ижара ҳақини асоссиз кўтариш, савдогарлардан ноқонуний пул тўплаш ҳамда ўта йирик миқдорда солиқ тўлашдан қочишга гумондор қатори бозорга эгалик қилган «Реконс» жавобгарлиги чекланган жамиятининг бош директори, унинг ўринбосари ва ҳисобчиси қўлга олинган.