24.kg’даги тинтув: Нашрга «Урушни тарғиб қилиш» моддаси билан жиноят иши қўзғалди

524

24.kg ахборот агентлигига нисбатан «Урушни тарғиб қилиш» моддасининг асосида жиноят иши қўзғалди. Бу ҳақда таҳририятнинг идорасидага тинтувдан сўнг МХДҚ хабар қилди. 

«“Урушни тарғиб қилиш” моддаси билан қўзғалган жиноят иши асосида олиб борилган тезкор-тергов тадбирларининг доирасида 15 январда 24.kg ахборот агентлигида тинтув ишларини олиб борди. Тинтув вақтида «компьютерлар, ноутбуклар, электрон ахборот сақловчи буюмлар, шунингдек жиноят иши учун аҳамиятли бўлган бошқа буюм далиллар» олинди», — деб билдирди МХДҚ.   

МХДҚ ҳозирги вақтда тезкор тергов тадбирлари давом этаётганини қўшимча қилди.   

15 январь куни кундузи МХДҚнинг ходимлари 24.kg ахборот агентлигининг идорасида тинтув ўтказишган. Тинтув натижасида нашрнинг идорасига муҳр босилиб, агентликнинг бош директори Асел Оторбаева, шеф-редакторлари Антон Лимарь ҳамда Махинур Ниязова махсус хизматнинг терговига олиб кетилган. 

Уларни идорадан олиб чиқилаётганда Ниязов журналистларга таҳририятнинг идорасидаги тинтув Украинадаги уруш ҳақида эълон қилган материаллардан бири бўйича қўзғалган жиноят иши билан алоқадор эканини айтган. Бошқа маълумотлар ҳозирча номаълум. 

Бундан ташқари, тинтувдан кейин МХДҚнинг ходимлари компьютерларнинг тизим блокларини ҳамда таҳририятнинг ҳужжатларини олишган. 

Нашрнинг ўзи тинтув вақтида идорага «Медиа Полиси Институти»дан ва «Адилет» ҳуқуқий клинакасидан келган адвокатлар билан юристлар киргизилмаганини ёзган. 

24.kg охирги йилларда «урушни тарғиб қилиш»да айбланаётган ягона нашр эмас. 2022 йилнинг февралида Бош прокуратура мазкур модда билан Kaktus.media’га жинояти ишини қўзғаган. Ўшанда нашр Қирғизистон билан Тожикистоннинг ўртасидаги навбатдаги чегара жанжалида қўшни давлат ҳукуматининг версиясини ёзган «Азия Плюс» медиасининг материалини ўз сайтига чиқарган. Kaktus.media ўзи қирғиз жамиятига тожик тараф қандай сиёсат олиб бораётганини кўрсатиб бериш мақсади бўлганини тушунтирган

Аммо назорат органи материал «жамоатчиликда кенг норозилик яратиб, баҳсли ҳудудда ҳам, бутун мамлакат бўйича ҳам тарангликни кучайишига олиб келган бу вазиятнинг бундан кейин ҳам жиддийлашишига ҳамда ҳарбий кучнинг қўлланилишига олиб келиши мумкин бўлган» деб ҳисоблаган. 

24.kg — 2006 йили асос солинган Қирғизистондаги илк мустақил интернет-нашрларидан бири.