Президент Садир Жапаров Қирғизистонда юз берган бир қатор воқеалар юзасидан 15-январда «Кабар» давлат агентлигига навбатдаги интервьюсини берди.
Ҳокимиятни босиб олиш ҳаракатлари
Жапаров «Ҳокимиятни куч билан босиб олиш»да гумонланаётган «KG Групп» қурулиш ширкатининг асосчиси Имамидин Ташов ҳамда фаол Тилекмат Куронов бозордаги тадбиркорларни митингга ундаганини билдирди.
«ККМга қаршимиз деб чиққан аҳолининг ўйи ёмон эмас. Эплаб ўз муаммойимизни айтиб, ҳал қилиб олайлик деган тўғри ниятлари билан чиқишган. Орасида шундай ёмон фикрдагиларнинг борлигини улар қаердан билсин. “Биз ҳам ККМга қаршимиз, у бозорда ишлайман,бу бозорда ишлайман” деб уларнинг орасига кириб олиб, лидерга айланишиб, имкон қадар тўпланинглар деб, эплаб оммани тўплаш, кейин тартибсизликларни уюштириб, халқнинг орасидан беш-олти кишини орқасидан эрчитиб ёки портловчи модда фойдаланиб, бир неча киши ўлиб кетса, кейин “мана ҳукумат отди, ҳукумат ўлдирди” деб чиқамиз, шу билан одамлар оммавий кўтарилиб кетади деган режалари ҳам бор», — деди у.
Давлат раҳбари Ташов билан Куроновнинг «ёмон фикрлари амалга ошмайди» деб таъкидлаб, ҳозирги вақтда «ҳокимиятни куч билан алмаштиришга ҳеч бир асос йўқ, ундай асос ҳам бермаймиз» деб қўшимча қилди.
Президент сиёсатга «яқинларини аралаштирмаганини айтиб, мамлакатнинг иқтисоди ўсмоқда» деган фикрини билдирди.
«Яна нима керак? Кимда ким тартибсизликлар уюштираман деган мақсадда халқни тўплайдиган бўлса, жавоби қаттиқ бўлади. Кўп одамларни тўплаб олиб, боягидек ортидан отиб ёки портлаш қилиб оддий аҳолининг орасидан бировни жабр торттирмай олдини олиб, ундай ёмон ўйли лидерларнинг жазосини берамиз. Биз аввалгилардек уларни “эркалатиб” ўтирмаймиз», — деб огоҳлантирди.
Шунингдек Жапаров «чегарадан ноқонуний ўтиш»да гумонланаётган депутат Эмил Жамғирчиев ўзбекистонлик қонундаги ўғри Салим бойваччадан «икки дўстни йўқ қилишни илтимос қилганини» таъкидлади. Бу бўйича Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг махсус хизмати иш олиб бораётганини айтди.
Кампирободчилар ҳақида
Давлат раҳбари Халқ қурултойида Кампирободни ҳимоя қилиш қўмитаси «қайсидир бир элчиликдан пул олган» деб адашиб айтиб олганини таъкидлаб, ташқи кучларни назарда тутганини қўшимча қилди.
«Ўша гапимга ёпишиб олиб, қайси элчиликдан пул олдик деб жарга тақайверишнинг кераги йўқ. [...] “Кампирободчилар” орасидан қайси бири ташқи кучлар билан доимо учрашиб юрганини, қанча пул олганини ўзлари яхши билишади. Шунчаки билмаганга солишяпти», — деди у.
Байроқ масаласи ҳақида
Садир Жапаров Ала-Тоо майдонига 1 январда нимага тасдиқланмаган байроқ илинганини изоҳлаб, ундан «трагедия излашнинг ҳожати йўқ» деб таъкидлади.
«Мэрияга ватанпарвар ҳомийлар томонидан ясаб келинган янги байроқни илайлик деган таклиф бўлган экан. Мэрия розилик бериб янги байроқни осиб қўйибди», — деб тушунтирди у.