Майлусув: Фуқаролар иссиқлик учун 17 млн сомдан ортиқ қарз

Жалолобод вилоятидаги Майлусув шаҳрининг турғунлари иссиқ сув ва иссиқлик учун «Қирғиз иссиқлик энерго» давлат ишхонасига 17 млн сомдан ортиқ пул қарз. Бу ҳақда 11-январда «Турмуш» нашри мазкур ишхонанинг билдирувига таяниб ёзди.

Маълумотга кўра, ҳозирда муассаса дебиторлик қарзини ундириш учун 350 истеъмолчи билан судлашмоқда. 

«Шаҳар аҳолиси орасида иссиқ сув ва иссиқлик учун пул тўламаганлар ҳам бор. [...] Тўланмаган қарзнинг умумий қиймати 17 миллион сомдан ошади. Баъзи абонентлар 3-4 йилдан бери тўловни амалга оширмаган. Уйларини атайлаб қулфлаб, кетиб қолганлари ҳам бор», — деб билдирди «Қирғиз иссиқлик энерго» давлат ишхонасининг Майлисув бўлимининг етакчиси Тинибек Козубаев.      

Шунингдек, Козубаевнинг қўшимча қилишича, айрим ишлар суд жараёнида белгиланган муддат ўтиб кетганлиги сабабли бекор қилинган ҳолатлар ҳам бор.

Майлусув шаҳрида 26 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарда 2 мингга яқин абонентнинг уйини иситиб, 1500 нафарга яқин абонентни иссиқ сув билан таъминловчи 2 та печь ва 1 та иссиқлик пункти мавжуд.

Майлусувдаги авария

Ўтган йилнинг январь ойида кучли совуқ туфайли Майлусувда тоза сув ва иссиқлик таъминоти узилиб, фавқулодда ҳолат режими жорий этилган эди. Шаҳардаги жами 1800 та уй тоза сувсиз ва иссиқликсиз қолган. Кейинчалик воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Ўша йилнинг 15 январь куни шаҳар аҳолиси вазият юзасидан митинг ўтказиб, президент Садир Жапаров ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг етакчиси Қамчибек Ташиевга мурожаат қилишган.

Аҳоли маҳаллий ҳукумат вазият ҳақида «ёлғон маълумот»  тарқатаётганидан шикоят қилгани. Кейинчалик ФҲВ ишчилари музлаган сув қувурларини эритиш учун шиналарни ёқишган.

Иситиш тизими тиклангач, қувурлар ёрилиши оқибатида айрим аҳолининг уйлари сув остида қолган. Шаҳар мэри Нурланбек Умаров жабрланган аҳолининг ҳаражатларини расмийлар тўлаб беришини ваъда қилган.

Асосий саҳифадаги иллюстратив сурат.