Жогорку Кенеш депутати Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берди

363

10-январда Жогорку Кенешнинг депутатлар Эмил Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат берди. У қирғиз-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда гумонланмоқда.

Бош прокурор Қурманқул Зулушевнинг Жамғирчиевни жиноий жавобгарликка тортишга рухсат бериш таклифини 69 депутат қўллади.

Бу масалани кўриб чиққан депутатлар комиссиясининг етакчиси, «Бутун Қирғизистон» партиясининг аъзоси Алишер Эрбаев Жамғирчиевга Ўзбекистонда ҳам жиноят иши қўзғалганини билдирди.

«Ўзбекистонда ўтказилган тергов ишининг натижасида Жамғирчиев Жогорку Кенешнинг депутати бўлиб турган ҳолда Марказий Осиёда таниқли Салим Абдувалиев исмли шахсдан қўллов олиш мақсадида у билан маҳфий учрашгани учун 2022 йилнинг декабрь ойида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб Тошкент шаҳрига боргани аниқланди», — деди у.

Эрбаевнинг баёнотига кўра, Жамғирчиев ёрдамчиси орқали қўшни давлатга етти дона давлат бланкини олиб чиқиб кетган.

МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев эса депутатни қамайлик деган фикри йўқ эканини билдирди. Унинг айтишича, чегарани ноқонуний кесиб ўтишда айбланганлар қамалмайди, жаримага тортилади ёки пробация назоратига олинади.

«Мана кеча ўзинглар кўрдинглар, ҳамкасбининг кабинетига кириб, иккинчи қаватдан сакраб, қочиб кетибди. Энди бу қанақа иш бўлди? Уни ҳеч ким қамамоқчи бўлмаган. Керак бўлса ўзим терговчиларга “бир йил чўзилган тергов ҳам тугаб қолди, ишни судга ўтказиб берайлик” деб айтганман. Оғир жиноят бўлмаса депутатни қамаб нима қиламиз? Ҳозир ҳам қочиб юрибди, қочмай келсин терговчига. Биз уни қамамаймиз, ҳеч нарса қилмаймиз» — деди Ташиев.

Эмил Жамғирчиевга қўзғалган жиноят ишлари

2019 йилда Эмил Жамғирчиевга нисбатан «Лавозимни суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» ва «Товламачилик» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Хитойдан ўрдак гўшти контрабандасида айбланаётган хусусий тадбиркор Эмир Эмилқанов жиноят ишини ёпиш учун ҳукумат аппарати раҳбарининг собиқ ўринбосари Бақтибек Қалмуратов орқали Жамғирчиевга катта миқдорда пора берганини айтган. Иш ёпилмаган, Эмилқанов Жамғирчиев ва Қалмуратовнинг устидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ариза ёзган. Жамғирчиев тадбиркорнинг айтганларини «туҳмат» деб атаган.

2020 йил октябрь ойида Жамғирчиев ва Қалмуратов «Пора олиш»да гумон қилиниб, қўлга олиниб, МХДҚнинг тергов изоляторига киргизилган.

Бироқ 2021 йилнинг февралида Жамғирчиев уй қамоғига чиқарилган. Икки ойдан кейин Қалмуратов ҳам уй қамоғига чиққан.

Кейинроқ Эмилқанов судланувчилар 27 минг доллар товон тўлагани ва уларга қарши даъвоси йўқлигини айтган. Шу билан бирга, Жамғирчиев ҳеч қандай пул тўламаганини таъкидлаган.

Бишкекнинг Биринчи Май туман суди Жамғирчиев ва Қалмуратовни оқлаган. Кейин суд Қалмуратовга қўйилган айбловни «Фирибгарлик»ка ўзгартириб, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги сабабли ишни тўхтатган.

Кейинчалик Жамғирчиев «Альянс» партиясидан парламент сайловларида қатнашиб, 2022 йилнинг мартидан бошлаб Жогорку Кенешнинг VII чақирилишининг депутати.

Муаллиф: Нурпаяз Абитов