МХДҚ фаол Тилекмат Куроновни ҳокимиятни босиб олиш гумони билан қидирувга берди

327

МХДҚ 10-январда фаол Тилекмат Кудайберген уулу (Тилекмат Куронов) ҳамда KG Group қурулиш компаниясининг асосчиси Имамидин Ташов иккиси қидирувга берилганини билдирди. Унга қадар махсус хизматнинг етакчиси Қамчибек Ташиев улар биргаликда тўнтариш қилишни режа қилиб юришганини айтган.  

МХДҚнинг матбуот хизмати Ташов билан Куронов режаларини муҳокама қилишаётгани айтилган видеони тарқатди. Ташиев махсус хизмат иккисининг суҳбатини суднинг рухсат берган қарори билан ёздириб олганини тан олди.

Биринчилардан бўлиб бунга ўхшаган видеони Ташиевнинг яқин одами экани айтилган Region TV телеканалининг директори Откурбек Рахманов эълон қилган. У чиқарган видео 9 дақиқа, МХДҚ чиқарган видео эса – 5 дақиқа давом этади.

МХДҚ  «Ташов ТИЗОда ўтирганда мобил алоқа орқали қидирувда юрган Қуронов ва бошқа деструктив характердаги одамлар билан биргаликда зўравонлик кўрсатишни, оммавий митингларни ўтказишни, ижтимоий масалаларни қўзғаб (ККМ) ҳукуматни босиб олишни режа қилишган» деб билдирмоқда.

«Мақсадига эришиш учун Ташов Куренов ва бошқа одамларни доимий молиялаб турган. Шу муносабат билан Имамидин Ташов билан Тилекмат Куреновга ва бошқа шахсларга Жиноят кодексининг 326-моддаси (“Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш”) ва 245-модданинг 1-қисмида (“Тижорат ёки бошқа ташкилотлар ходимларининг ваколатларини суиистеъмол қилиш”) кўзда тутилган жиноят белгилари бўйича жиноят иши қўзғалиб, қидирув эълон қилин», — деб айтилади махсус хизматнинг маълумотида.

Махсус хизмат Ташов 2023 йилнинг декабрида уй қамоғига чиқарилгандан кейин «у митингларни уюштириш ва ҳукуматни куч билан босиб олиш факти бўйича фаолиятини давом эттирган» деб таъкидлади.

Тилекмат Куронов ва Имамидин Ташов.

10 январга ўтар кечаси Куреновнинг Фейсбукдаги саҳифасида Имамидин Ташовнинг мурожаати чиққан. Унда тадбиркор МХДҚнинг ходимларини одам ўғирлашда, таҳдидда ва у аввалроқ ноқонуний қурилиш ишлари учун тўлаган 52 миллион сомдан ташқари  «чап чўнтакка» 100 миллион сом пул талаб қилишда айблаган. Шунингдек, у ҳибсга олинган тадбиркорлар давлат органлари томонидан белгиланган миқдордан ҳам кўпроқ пул бераётганини айтган.

Парламентнинг 10 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида эса МХДҚнинг етакчиси Ташовнинг сўзларига тўхталиб, тадбиркор ёлғон гапираётгани ва «давлат тўнтариши уюштиришга урингани учун қидирувга берилган» деб жавоб берган.

Имамидин Ташовни МХДҚнинг ходимлари 2023 йилнинг октябрь ойида қўлга олган. Махсус хизмат Ташовнинг компанияси 280 ўринли бола боғча солинади деб олган муниципал ерга 12 қаватли уй қуриб сотиб юборганини билдирган.

Декабрь ойида Ташов давлатга келтирилган зарарнинг ўрнини 52 миллион сомлик кўчмас мулк қатори, аниқроғи, 10 уй ва 1 тижорий уй шаклида тўлаб бергандан кейин уй қамоғига чиқарилган.

Тилекмат Куронов ҳукуматни танқид қилган фаол қатори маълум. Кўпинча у фейсбук саҳифасига мурожаатларни чиқариб туради. У 2022 йилнинг октябрида мамлакатдан чиқиб кетган, ҳозирда АҚШда туради.