Қирғизистонда етказиб бериш соҳасида ишлаётган 400 дан ортиқ хорижлик талабалар ишдан бўшатилди

242

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги етказиб бериш хизматларида ишлаётган 400 дан ортиқ чет эллик талабаларнинг меҳнат фаолияти тўхтатилганини маълум қилди.

Улар ноқонуний тарзда ишлаётган бўлган ва кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларига сабабчи бўлга, деб хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

«Етказиб бериш хизматлари раҳбарлари билан Қирғизистон миграция соҳасидаги қонунчилигига риоя қилиш юзасидан тушунтириш суҳбатлари ўтказилди, натижада 400 дан ортиқ чет эллик талабаларнинг меҳнат фаолияти тўхтатилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Қирғизистон 2024 йилда чет эллик меҳнат муҳожирлари квотасини 25 минг нафар деб белгилаган. Бироқ амалда Қирғизистонда ишлаётган меҳнат муҳожирлари анча кўпдир, уларнинг аксари нолегал тарзда ишлайди. Апрель ойидан ИИВ ва МХДҚ ушбу меҳнат муҳожирларни аниқлаш бўйича рейдлар ташкил эта бошлади. ИИВ баёнотида айтилишича, шу кунларда Бишкекда рухсатномасиз ишлаган 225 нафар хорижлик фуқаро жаримага тортилган.

Аввалроқ рейдлар давомида Бангладеш ва Покистондан келган 130 дан ортиқ муҳожир ҳибсга олинган эди, уларнинг 64 нафарида истиқомат ҳужжатларининг муддати аллақачон ўтиб кетган бўлган.

Шунингдек, Қирғизистонда хорижликлар миграция қонунчилигини бузганлиги учун жарима миқдори каррасига оширилмоқда.
Қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни киритишни Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги таклиф қилмоқда.