Жазони ижро қилиш хизмати Арстан Алай осилган ҳолда топилганини хабар қилди

391

Жазони ижро этиш давлат хизмати Арстан Алайнинг жасади 5 январда, тонгга яқин махсус даволаш муассасасининг ошхонасида осилган ҳолда топилгани ҳақида хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2023 йилнинг 28 декабрь куни у психиатр тавсиясига кўра «шахснинг ноаниқ руҳий бузилиши, галлюцинация» ташхиси билан 31-сон даволаш муассасасига олиб келинган.

29 декабрь куни Alay шифокорларга «даврий юрак ва боши оғриб, қулоғида шовқин пайдо бўлиб, овқатдан сўнг ошқозони оғриб, тез-тез чарчаётганидан» шикоят қилган. Текширув натижасида унга «аниқланмаган психотик шахс бузилиши ва юрак ишемик касаллиги» ташхиси қўйилган.

Арстан Алайнинг қўлга олиниши. Сурат: МХДҚ

Натижада ўта юқори хавфдаги гипертония касали ва клиник ташхисни аниқлаш учун тегишли мутахассисларнинг тадқиқи учун қарор чиқарилган. 

«5-январь соат 04:52да айбланувчи Арстан Абдилдаев Жазони ижро қилиш хизматининг даволаш муассасасининг ошхонасига кириб, тахминан соат 05:15да осилган ҳолда топилган. Жасадни дастлабки кўрикдан ўтказишда тана жароҳатлари аниқланмаган. Ўлимнинг асил сабабини ва механизмини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинланди», — деб айтилади билдирувда. 

Мазкур факт милициянинг электрон журналига қайд қилиниб, текширув ишлари бошланди. 

5-январда адвокат Қайсин Абакиров №31 даволаш қамоғининг камераларидан бирида Арстан Алай номи билан танилган 55 ёшли Арстанбек Абдилдаевнинг жасади топилганини билдирган. Абакиров Алайнинг ўлимига «тергов идорасининг ва суднинг ноқонуний ҳаракатлари сабаб бўлди» деган. Шунингдек у тегишли хизмат ходимларини жавобгарликка тортиш илтимоси билан Бош прокуратурага мурожаат қилган. 

Арстан Алайнинг қамалиши 

МХДҚнинг ходимлари Арстан Алайни 2023 йилнинг декабрь ойи ўртасида диний низо қўзитганлик гумони билан қўлга олган. У «китобларни тарқатиш билан ижтимоий тармоқларда диний низо қўзитувчи чақириқларни қилиш»да гумонланаётгани айтилган. 

Махсус хизматдан гумонланувчи ўзини «Янги Худо», «Қутқарувчи» деб ҳисоблаб,» «бошқа динларни, эътиқодларни, дунё қарашларни паст, кучсиз ва адашиш» деб ҳисоблаб, уларга салбий баҳо бериб келганини таъкидлашган. 

Абдилдаевнинг яшаган уйини ва дарс ўтувчи ерини тинтув вақтида бир неча адабий китоблар, компьютер ва электрон материаллар топилган. 

Арстан Алай жамиятда 2011 йили «Қиш бўлмайди» деб айтган сўзи билан ёдда қолган. Кейин ҳам ўзини «Янги Худоман» деб эълон қилиб, уч марта президент сайловига номзодини қўйган.