Талас: Ўзгариш қишлоқ ҳукумати ҳусусий мулкка ўтиб кетган маданият уйини 8 млн сомга сотиб олди

636
Маданият уйи. Сурат Ўзгариш қишлоқ ҳукуматининг фейсбук саҳифасидан олинди

Бакай-Ата туманининг Ўзгариш қишлоқ ҳукумати хусусий томонларга ўтиб кетган маданият уйини 8 миллион сомга сотиб олди. Бу ҳақда «Клооп»га 28-декабрда мазкур қишлоқ ҳукуматининг етакчиси Замирбек Надирбаев билдирди. 

Маълумотга кўра, давлатга қарашли маданият уйи 2000 йиллари хусусий мулкка ўтиб кетган. Ўшандан бери уни қайтаришга бир неча марта ҳаракат кўрилган, аммо турли сабаблар билан амалга ошмай келган.

«Бу йил қишлоқ ҳукумати тарафидан ҳаракатлар олиб борилиб, маданият уйини 8 миллион сомга сотиб олдик. Маблағ маҳаллий бюджетдан бўлинди», — деди қишлоқ етакчиси.

Маданият уйи бунга қадар бўш турган. Қишлоқдаги маданий тадбирлар эса мактабнинг ошхонасида ўтказиб келинган.

«Молия вазирлигининг улуш грантларининг ҳисобидан 3 миллион 488 минг 374 сом ажратиладиган бўлди. 2024 йили баҳор ойида мазкур жойни таъмирлаш ишлари бошланади. Маданият уйининг ичида катта заллар бор. У ерда қишлоқ ҳукуматининг ходимларига, қишлоқ кенгашига ва депутатларга махсус иш хоналари ҳам бўлинади», — деб айтилади маълумотда.

Ўзгариш қишлоғининг аҳоли сони 6209 кишини ташкил қилади. Қишлоқда ҳозирда уч мактаб, бир бола боқча бор. Яна 275 ўринли мактабнинг қурилиши олиб борилмоқда, уни бир ой ичида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.