Қирғиз-тожик чегарасининг яна 11,88 километри бўйича келишилди. Бу ҳақда 23 декабрда Вазирлар маҳкамасининг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотларга кўра, 17 декабрь куни Тожикистоннинг Бостон шаҳрида икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясининг топографик ишчи гуруҳи учрашуви бўлиб ўтган. Учрашув 23 декабрь куни якунланди.
Вазирлар маҳкамасидан музокаралар «дўстлик ва ўзаро тушуниш руҳида ўтганини» таъкидлади. Томонлар тегишли протоколни имзоладилар. Чегарани белгилаш бўйича навбатдаги йиғилиш Қирғизистонда бўлиб ўтиши маълум қилинди. Вазирлар маҳкамаси ҳозирча айнан қайси жойлар аниқланганини ошкор этмаган.
Шу пайтгача икки давлат топографик ишчи гуруҳининг йиғилиши 8-14 декабрь кунлари Қирғизистонда бўлиб ўтган. Ўшанда Қирғиз-тожик чегарасининг 47 километри келишилганлиги айтилган.
МХДҚнинг етакчиси Қамчибек Ташиев қирғиз-тожик чегарасининг 90 фоизи келишилганини таъкидласа, президент Садир Жапаров чегара масаласи 2024 йилнинг баҳорида ҳал қилинишини айтган.
Қирғиз-тожик чегараси муаммоси
Қирғиз-тожик чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади. Бунга қадар икки давлатнинг президентлари 664 километр бўйича умумий фикрда эканликларини билдирган эди. Аниқланмаган ерларлар сабаб Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда – Боткен, Ўш вилоятларида вақти-вақти билан можаролар чиқиб туради.
2021 ва 2022 йилларда қирғиз-тожик чегарасидаги йирик можародан бери Бишкек ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар заифлигича қолмоқда. Икки давлат чегараси 2021 йилнинг апрель ойидан бери ёпиқ.
Чегарадаги ўтган йилги йирик қуролли жанжалда 63 қирғизистонлик вафот этган – уларнинг 51 нафари ҳарбий хизматчилар бўлган. Можаро натижасида 206 киши жабрланган.
Тожикистон ҳукумати эса жанжалда 41 киши вафот этиб, 20дан ортиқ киши жабрланганини таъкидлаган. Аммо «Озоди Радиоси» шахсий манбаларига таяниб, вафот этганларнинг сони 81 киши эканини ёзган. Жанжалга икки давлат бир-бирини айблаган.