Фоҳишаликка қарши кураш. Ташиев Биринчи Май туманининг ҳокими ва милиция бошлиғи ишдан бўшатилганини айтди

557

Бишкекда интим хизматларнинг олдини олиш чора-тадбирлари доирасида Биринчи Май туманининг ҳокими Мурат Осмонов ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи Тилек Тюкебаев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Қамчибек Ташиев 25 декабрда МХДҚни навбатдаги биносининг очилишида маълум қилди.

«Ўтган 30 йил ичида Қулиэв кўчасини билмайдиган одам қолмади. Яқинда у ерда ҳам интим хизмат кўрсатадиган жойни ёпдик. Назорат йўқлиги сабабли Биринчи Май тумани ҳокими ва ички ишлар бўлими бошлиғи ишдан бўшатилиб, 10 нафар ички ишлар ходимлари, ҳокимлик ва Миллий хавфсизлик хизматининг айрим ходимларига нисбатан қатъий чоралар кўрилди», — деди Ташиев.

Ташиев шунингдек қўл остидагиларга фоҳишалик билан яна ҳам қаттиқ курашишни топширди. Унинг айтишича, «фоҳишахоналар йўқ бўлганда қирғизистонликларнинг ҳаёти яхшиланади».

Бунга қадар Бишкек шаҳар милицияси фоҳишалик билан шуғулланган 4 кишини қўлга олган. Бу президентнинг кўнгилли маслаҳатчиси Болот Ибрагимовнинг Кулиев кўчасидаги меҳмонхонада жинсий хизмат кўрсатишлар ҳақида видеоси эълон қилингандан кейин бўлган. Мазкур ишга алоқаси борларга «Фоҳишаликка кўмак кўрсатиш» моддасининг асосида жиноят иши қўзғалди. 

Шунингдек, низомни бузганлиги учун Бишкек ИИБ туман бўлимининг 10 нафар бошлиғи интизомий жавобгарликка тортилди. Улардан бири, Биринчи май ИИБ ГОМ-8 бўлимининг бошлиғи Сталбек Тўқтўғозиев эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

30 ноябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Қамчибек Ташиев давлат ва муниципал идоралар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари раҳбарларига 1 декабрга қадар «интим хизматлар» кўрсатиладиган барча жойларни ёпишни буюрган. Минтақада бундай жойлар топилса, маҳаллий ҳокимият раҳбарлари ва куч тузилмалари раҳбарлари зудлик билан эгаллаб турган лавозимларидан четлатилишидан огоҳлантирган. 

28 ноябрда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) «интим масканлар ташкил қилувчи шахсларнинг фаолияти тўхтатилгани»ни билдирган. Маълумотлар билан бирга махсус хизмат фоҳишалик билан шуғуллангани айтилаётган 70 дан ортиқ аёлнинг шахсий маълумотларини ҳам эълон қилган. 

Омбудсман институти махсус хизматнинг ушбу ҳаракатига изоҳ берар экан, давлат органларини жинсий алоқа қўрсатиш хизмати ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга, шунингдек, «уларнинг юзларини кўрсатмасликка ва шахсий маълумотларини ошкор қилмасликка” чақирган, чунки бу уларнинг «қонун билан белгиланган ҳуқуқларини бузишини» огоҳлантирган.