Автотранспорт воситаларига видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатиш тавсия этилмоқда

Ички ишлар вазирлиги автомобилларга видеокузатув камераларини мажбурий ўрнатиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф қилди. Мазкур лойиҳа Жогорку Кенешнинг сайтида эълон қилинди.

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида «трактор ва ўзиюрар технологик машиналар мустасно, қолган барча тоифадаги автотранспорт воситаларига видеокузатув ўрнатиш мажбурияти юкланиши» айтилади.

Қайд этилишича, видеокузатув камералари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл-транспорт ҳодисаларини таҳлил қилиш, низоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, қонун лойиҳаси йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш чора-тадбирлари асосида ишлаб чиқилгани айтилди.

Қонун қабул қилинса, ҳайдовчилар 2025 йилдан бошлаб автомобилларига видеокузатув ускуналари сотиб олишга мажбур бўлади, камера ўрнатмаганлар эса жаримага тортилади.

Йил бошидан буён Қирғизистонда 4880 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилиб, 489 киши ҳалок бўлди. Ўтган йили 7 минг 40 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, 11 минг 49 киши тан жароҳати олган, 690 киши ҳалок бўлган.