Баткен вилоятининг Қадамжой туманидаги Учқўрғон қишлоқ худудининг ходимлари ва туманнинг шаҳарсозлик ҳамда архитектура бўлимининг икки ходими жисмоний шахсларга турар-жой қуриш учун рухсат берувчи ҳужжатларни ноқонуний тайёрлаб келганликда гумонланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда 22 декабрда МХДҚдан билдиришди.
Маълумотларга кўра, жиноятга гумондорлар — Учқўрғон қишлоқ ҳукуматининг бошчиси, масъул котиби ва ҳайдовчиси. Бу мансабдор шахслар ва уларнинг шериклари жиноий битим тузиб, айрим фуқаролар билан олдиндан келишиб олиб, ер участкаларини давлат мулкидан чиқариш бўйича доимий жиноий схемани тузган.
Махсус хизматдан гумон қилинаётган шахслар шахсий манфаатларини кўзлаб «Хусусий уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш тўғрисида» қарор чиқарган.
«Учқўрғон қишлоқ ҳудудига қарашли Бўз қишлоғидаги умумий майдони 5,45 гектар бўлган ер участкасини трансформация қилмасдан уй-жой қурилишининг Бош режасини тасдиқлашган. У ерларни 9 сотихдан 15 сотихгача бўлган 48 та участкага бўлиб, хусусий уй-жой қуриш учун ҳужжатлар тайёрланиб, уларнинг нархини 9 000 дан 15 000 АҚШ долларигача баҳолашган», — дейилади хабарда.
Мазкур факт бўйича 18 декабрь куни «Хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, Боткен туман суди қарори билан гумонланувчилар Ўш шаҳридаги 5-тергов қамоқхонасига ҳибсга олинди.
Ҳозирда тергов амаллари давом этмоқда.
Бунга қадар Ўртасой қишлоғида давлат қарамоғида турган 3 гектар ерни 1,2 млн долларга сотишга ҳаракат қилган «Кадастр»нинг собиқ етакчиси қўлга олинган.
Собиқ амалдор хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш орқали товламачилик ҳаракатларини амалга оширишда гумонланиб, вақтинча сақлаш жойига киргизилган.