Қирғизистон ва Тожикистон чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациясининг ҳамраислари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов чегаранинг 90 фоизи ҳал қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда 12 декабрда Боткенда бўлиб ўтган йиғилишда айтилди.
«Бугун катта воқеа бўлди. 120 километр олдига жилдик. Бу масалалар принципиал жиҳатдан келишиб олинди. Агар Тожикистон ва Қирғизистон чегарасининг умумий узунлигини оладиган бўлсак, 90 фоизи аниқланган. Биз бу масалани ҳал қилишга чиндан ҳам яқинмиз», — деди Ятимов.
Ташиев тожикистонлик ҳамкасбининг сўзларини тасдиқлаб, чегара масаласига чек қўйиш учун бир неча учрашувлар қолганини қайд этди.
«Бизда бир неча участкалар қолади, Худо хоҳласа, уларни ҳам якунлаймиз. Бу қайси участклар? Қайроғочдан бошлаб қулунду, Мақсат, Арка, Арка-1, Арка-2, Жани-Жер, Жийделикгача бўлган ҳудуд. Ишчи гуруҳ келишувни тўлиқ якунлади. Бундан ташқари, Қорабоғ, Лаккон бўйича, уч давлат кесишадиган нуқтага қадар келишдик», — деди у.
11 декабрда президент Садир Жапаров Боткен вилоятига ташрифи чоғида қирғиз-тожик чегараси масаласи 2024 йилнинг баҳорида ҳал бўлишини айтган эди.
Қирғиз-тожик чегараси муаммоси
Қирғиз-тожик чегарасининг умумий узунлиги 972 километрни ташкил қилади. Бунга қадар икки давлатнинг президентлари 664 километр бўйича умумий фикрда эканликларини билдирган эди. Аниқланмаган ерларлар сабаб Тожикистон билан чегарадош ҳудудларда – Боткен, Ўш вилоятларида вақти-вақти билан можаролар чиқиб туради.
2021 ва 2022 йилларда қирғиз-тожик чегарасидаги йирик можародан бери Бишкек ва Душанбе ўртасидаги муносабатлар заифлигича қолмоқда. Икки давлат чегараси 2021 йилнинг апрель ойидан бери ёпиқ.
Чегарадаги ўтган йилги йирик қуролли жанжалда 63 қирғизистонлик вафот этган – уларнинг 51 нафари ҳарбий хизматчилар бўлган. Можаро натижасида 206 киши жабрланган.
Тожикистон ҳукумати эса жанжалда 41 киши вафот этиб, 20дан ортиқ киши жабрланганини таъкидлаган. Аммо «Озоди Радиоси» шахсий манбаларига таяниб, вафот этганларнинг сони 81 киши эканини ёзган. Жанжалга икки давлат бир-бирини айблаган.