Қирғизистондаги яна бир компания АҚШ томонидан санкцияга учради

312

Россия ҳарбий ишлаб чиқариши учун зарур жиҳозлар билан таъминловчи бир қанча давлатларнинг 150 дан ортиқ фуқароси ва компанияси АҚШ томонидан санкцияга учради. Улар орасида Қирғизистонда рўйхатдан ўтган «Вайтмэнн Хандельн Альянс» (Weitmann Handeln Allianz LLC) компанияси ҳам бор.

Маълумотларга кўра, мазкур корхона хорижга фойдаланишга тайёр ускуналар етказиб бериш, логистика ва божхона ҳужжатларини тайёрлаш хизматларини кўрсатади.

Расмий баёнотга кўра, Weitmann Handeln Allianz LLC компанияси Россияга юзлаб автоматик ҳисоблаш машиналари ва маълумотларни сақлаш ускуналарини етказиб берган. Компания ҳозирча бу борада изоҳ бермаган.

Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Weitmann Handeln Allianz LLC компанияси 2022 йилнинг 24 августида Бишкек шаҳрида ташкил этилган. Ушбу компаниянинг веб-сайтида корхона логистика соҳасида фаолият юритаётгани кўрсатилган.

Қирғизистондан ташқари, АҚШ молия вазирлиги Россия, Туркия, Тожикистон ва Малдив ороллари, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларидаги ўнлаб корхоналарга қарши санкциялар эълон қилди.

Аввалроқ, шу йилнинг июль ойида АҚШ Молия вазирлиги беш қирғиз компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилган эди. Улар Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берганликда айбланган.

Россия армиясининг Украинага кенг кўламли ҳужуми 2022 йил 24 февралда бошланган ва уруш шу кунгача давом этмоқда.

Ғарб давлатлари ҳарбий ҳужумни қоралаб, Россияга нисбатан мисли кўрилмаган миқдорда санкциялар жорий этди. Бундан ташқари, Ғарб давлатлари Россияга ёрдам берган давлатларга нисбатан санкциялар қўлланилиши ҳақида бир неча бор огоҳлантирган.

Лукашенко бошчилигидаги Беларус бу рўйхатга биринчи бўлиб кирди. Лукашенко Путинни чин дилдан қўллаб-қувватлади ва ҳатто Украинага мамлакат ҳудудидан ҳужум қилиш учун йўл очган.