ИИВ: Қирғизистонда йил бошидан бери оилавий зўравонликнинг 11 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилди

281

2023 йилнинг бошидан буён Ички ишлар вазирлигининг электрон маълумотлар базасида 11 мингдан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолатлари қайд этилди. Бу ҳақда Жамоат хавфсизлиги хизмати раҳбари Таалайбек Алижанов маълум қилди.

Унинг айтишича, оиладаги зўравонлик ҳолатлари бўйича жами 539 та жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, йил бошидан буён ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 10 мингдан ортиқ уч суткалик ҳимоя қилиш санкцияси берилган, қоидабузарлик учун 302 та баённома судга юборилган, 19 нафар шахс 3 кундан 7 суткагача қамоққа олинган.

«Таъкидлаб ўтмоқчиманки, қонунда нафақат жабрланувчи, балки ҳар бир фуқаро: оиладаги зўравонликдан хабардор бўлган шахс, йўловчи-ўткинчи, жабрланувчининг қўшнилари ва қариндошлари ички ишлар органларига мурожаат қилишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган. Мен ҳаммага мурожаат қилмоқчиман, очиқ айтиб чиқинглар. Агар оиладаги зўравонликни кўриб, эшитиб, билсанглар хабар беринглар», — деди Алижанов.

У йил бошидан буён жамиятда шов-шувга сабаб бўлган 20 дан ортиқ оилавий зўравонлик ҳолатлари қайд этилганини таъкидлади – жабрланганларнинг 95 фоизи аёллар бўлган.

Қирғизистонда аёлларга нисбатан зўравонлик

Қирғизистонда ҳар йили оилавий зўравонликнинг минглаган ҳолатлари қайд этилиб, жабрланганларга бериладиган ҳимоя ордерлари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Охирги уч йилда мамлакатимизда 8,5 мингдан ортиқ киши ҳимоя орденларини олган.

Тажовузкорни қонун бўйича жазолаш жуда қийин - аксарият жиноятлар жарима тўлаш ёки жамоат ишларини бажариш билан чекланади. Шунинг учун, тажовузкор жиноий жавобгарликка тортилмаслигини билиб, ҳатто аёлни ўлдириб қўйиши ҳам мумкин.

«Клооп» журналистларининг Қирғизистондаги фемицид ҳақида тадқиқотлар кўрсатишича, доимий бўлиб турган оилавий зўравонлик аёлларнинг эрлари, турмуш ўртоқлари ёки собиқ шериклари томонидан ўлдирилишига олиб келади.

Аёлларнинг турмуш ўртоғи, фуқаролик никоҳида бирга яшаган одами ёки собиқ шериги тарафидан ўлдирилиши фемицид деб аталади.

2023 йилнинг октябрида Қирғизистон  дунёдаги аёлларнинг фаровонлиги ва хавфсизлиги бўйича глобал индексида (WPS Index) 177 давлат орасида 95-ўринни эгаллаган. Бу кўрсаткич Қирғизистон кетма-кет иккинчи йил Марказий Осиё минтақасидаги аёллар учун энг хавфли давлатга айланганидан далолат бермоқда.

Шунга қарамай, айрим расмийлар оиладаги зўравонлик мамлакатда кам учрайдиган ҳодиса, деб ҳисоблайди. Масалан, Президент маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков. У зўравонликларнинг кўпайиши ҳақидаги статистик маълумотларни «манфаатдор томонлар сиёсати» деб атаган.